Туркия бош вазири Бинали Йилдирим Сурияда, хусусан, Идлиб ва Африн туманларида Туркия қуролли кучлари иштирокидаги амалиётлар эҳтимоли бўйича изоҳ берди, деб ёзмоқда «Анадолу».

Унинг сўзларига кўра, Суриянинг ушбу ҳудудларидаги вазият бугунги кунда жуда чигал. «Ким, қаерда ва нимани назорат қилаётгани тушунарсиз. Афсуски, террорчилар бир-бирига алоҳида ҳудудлар устидан назоратни бермоқда. Барқарорлик умуман йўқ. Вазиятдан эса маҳаллий аҳоли, шунингдек, Туркия жабр кўрмоқда», - деган Йилдирим Сингапурга учиб кетишидан аввал журналистларга.

Ҳукумат раҳбари Сурия шимолидаги кескин ҳудудлар Туркияга жуда яқин жойда эканига эътибор қаратган. «Куни кеча ИШИДнинг 5 террорчиси Туркия-Сурия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиши чоғида қўлга олинди», - деди Йилдирим.

Бош вазирнинг таъкидлашича, Анқара, худди аввалгидек, исталган таҳдидга дарҳол қатъий жавоб қайтаради.

Шунингдек, Туркия ҳукумати раҳбари Эрон, Россия ва бошқа қатор давлатлардан Анқарага ҳарбий делегацияларнинг ташрифларини «нормал ҳолат» деган. «Сурияда узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш бўйича қўшма қадамлар қўйилмоқда. Остонада музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, халқаро коалиция кучлари билан бирга ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Туркия Сурияда ўт очишни тўхтатиш режимини узоқ муддат давомида таъминлашга ҳаракат қилмоқда», - дея аниқлик киритди Йилдирим.