Бекобод туманига ишчи ташриф билан борган Президентимиз туман фаоллари билан йиғилишда сўзга чиқди. Йиғилишда мамлакатимиз президенти муҳим масалалардан бирига эътиборини қаратди.

«Аёлларнинг ишини осон қилиш учун кейинги 5 йилда Ўзбекистонда туғилган 100 фоиз болаларнинг боғчага боришини таъминлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«1-синфга янги қабул қилинган, мактабдан аввал болалар боғчасига борган ва боғчага бормаган болани солиштириб кўринглар. Уларнинг савиясини, кўзларининг ёниши; байроқ, мадҳия, Амир Темур бобоси ким, Биринчи президентимизни ва Ватанни билиши тўғрисида саволга тутиб кўринглар. Коллективни билиши тўғрисида, соғлиги тўғрисида, касал бўлмаслик учун нималар қилиши тўғрисида сўранглар. Улар боғчада ўз вақтида ётиб дам олади, уч маҳал овқатланади, расм чизишни ўрганади, салом беришни билади. Ундай болаларнинг савияси мутлақо бошқача бўлади», — деди Президент.

«1991–1992 йилларда Мирзо Улуғбек туманида, бизга биров айтмаган эди, лекин ўша пайтлари биз болалар боғчаларида кичик кичик бассейнлар қилар эдик. Нима учун? 2–3 яшар бола сув ҳавзасида чўмилишни ўрганса, 7 ёшгача уларнинг 70 фоизи дори ичмасдан, касалликка йўлиқмасдан соғлом бўлиб улғайишади. Агар болалар аввало болалар боғчаларида етук тарбиячилар қўлида соғлом бўлиб тарбия топса, у мактабга билим олишга, курашга тайёр ҳолда келади.

Шуларни ҳисобга олиб, агар қўллаб-қувватласаларинг, мен бугун топшириқ бердим, 2018 йилда Бекобод шаҳри ва туманига қанча болалар боғчаси керак бўлса, 100 фоиз таъминланади. Буни «Бекобод шаҳар намунаси», деб атаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.