2017 йилнинг 23 августидан бошлаб Россиянинг бутун ҳудуди бўйлаб россияликларга ноиммиграцион визалар бериш тўхтатилади. Бу ҳақида АҚШ элчихонаси хабарига асосланиб, РБК маълум қилди. 

1 сентябрдан виза бериш қайта тикланади, бироқ фақат Россия пойтахтидаги элчихонада. Қолган шаҳарлардаги консулликларда виза бериш номаълум муддатга тўхтатиб турилади. 

Америка элчихонаси хабарида таъкидланишича, виза беришнинг тўхтатилиши "Россия Федерациясининг АҚШ дипломатик миссияси ходимлари сонини чеклашга доир қабул қилган чоралари билан боғлиқ".  

"Россия томонининг мамлакатда АҚШ дипломатик миссияси ходимлари сонини қисқартиришга доир қарори РФнинг икки томонлама алоқаларни яхшилашга бўлган ҳаракатлари жиддийлигига шубҳа уйғотмоқда. Биз дипмиссия ходимлари сонини дипломатик миссиянинг асосий функцияларни бажариш учун зарур бўлган даражада сақлаб қоламиз", - дейилади АҚШ элчихонасида.