NASA экстремал шароитлар — жумладан, ўта юқори ҳароратлар ва сувсизликка чидамли Bacillus xerothermodurans бактерияларини 21 август куни қуёшнинг тўлиқ тутилиши кузатилаётган вақтда ҳаво шарларида учиради. Зондлар стратосферага қадар учиб боради ва у ердаги ҳарорат Марс сиртидаги ҳарорат билан тенг. Олимлар бундай шароитда микроорганизмлар ўзини қандай тутишини ўрганишмоқчи, деб хабар беради Gizmodo нашри.

Гигант ҳаво шарлари бир неча тажрибани ўзида қамраб олган Eclipse Ballooning Project лойиҳаси доирасида учирилади. Лойиҳага кўра жами бўлиб 75 та зонд учирилади ва уларнинг 30 тасида иссиқликка чидамли бактериялар солинган штаммлар бўлади. Бактериялар алюминий зарқоғозларига ўраб, ҳаво шарларининг сиртига жойлаштирилади ва 24 км баландликка олиб чиқилади.

Олимларнинг фикрича, бу тажриба натижасида олинган маълумотлар Марс сиртининг ердан олиб борилган, экстремал шароитларда ҳам яшовчан бактериялар билан ифлосланишининг олдини олишда фойдаланилади. 

Хабар қилинишича, айрим ҳаво шарлари камералар билан жиҳозланади. Улар ёрдамида булутлар суратга туширилиб, уларнинг Қуёшнинг тўлиқ тутилиши шароитда ҳосил бўлиши хусусиятлари ўрганилади. Бундан ташқари, зондлардаги кичик метеостанциялар Ой соясининг ўтишида атмосферадаги ўзгаришларни қайд этиб боради.