Кубада «акустик ҳужум»га учраган америкалик ва канадалик дипломатлар сони аввал тахмин қилинганидан кўпроқдир. Бу ҳақда CNN телекомпанияси АҚШ маъмуриятининг 2 нафар юқори лавозимли мулозимига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

Таъкидланишича, АҚШнинг 10 дан ортиқ дипломати ва уларнинг оила аъзоларига ҳужум қилинган. Бундан аввал атиги икки кишига шундай хуруж қилинган, деб ҳисобланар эди. 

Америкалик мулозимларнинг сўзларига кўра, айрим ҳужумлар чоғида товушли қурол Америка дипломатларининг қароргоҳларидан узоқда бўлган. Шу билан бирга, товушли ҳужумлар салбий жисмоний ҳиссиётлар, бош оғриғи ва эшитишнинг йўқолишига сабаб бўлган. 

Аввалроқ, АҚШ давлат департаменти мамлакатдан икки нафар кубалик дипломатни чиқариб юборган эди. Бунга америкалик мулозимлар соғлиғи билан боғлиқ айрим «ҳодисалар» асос сифатида кўрсатилганди.