Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган энг азиз айём – Мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрибди. Қутлуғ кунлар арафасида шаҳар аҳолисини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида Андижон шаҳрида “Она  ер саховати” ярмаркалари иш бошлади.

Шаҳарнинг 12 та ҳудудида очилган ярмаркалар  арзон нархда 32 хил турдаги қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат товарлари билан савдо қилади. Бундан ташқари, барча павильонларда ўқув йили олдидан “Мактаб бозорлари” ташкил қилинган. Ярмарка жойлашган ҳудудлар чиройли тарзда безатилган бўлиб, оқшом тушганида савдо шахобчалари атрофи сайилга айланмоқда.      

Олтинкўл туман миришкорлари шаҳарнинг 1-кичик даҳасида ана шундай ярмарка ташкил этиб, шаҳарликларга ўзлари етиштирган полиз, сабзовот, балиқ ва гўшт сингари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бермоқда.

– Савдо шохобчаларимизда деҳқонларимиз томонидан тақдим қилинган сара қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотилмоқда, – дейди Олтинкўл туман ҳокими ўринбосари Алижон Шарипов. Байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида маҳсулотларимиз бозордагига нисбатан арзон нархларда сотилмоқда. Яратилган бундай қулайликдан шаҳар аҳолиси беҳад мамнун бўлаётир.

Ташкил этилган ярмаркага вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташриф буюриб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди ва улар учун савдо шахобчаларида яратилган шароитлар билан танишди.

Kun.uz  мухбири Элмурод Эрматов, Андижон