Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусига бағишланган анжуманда (Тошкент, 2017 йил 15 июнь) сўзлаган нутқида тилга олинган ғоя ва фикр-мулоҳазалар хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат раҳбарининг мазкур нутқи хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий-академик ва эксперт-таҳлил доиралари ўртасида араб ва инглиз тилларида кенг тарқатилгани бунга кўп жиҳатдан кўмаклашди. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телеканали сайти хабар бермоқда.

Ўтган давр мобайнида Ж.Вашингтон номидаги университет (АҚШ), Кембриж университети (Буюк Британия), Тюбинген, Оснабрюк, Мюнстер, Франкфуртдаги Гёте университетлари ҳузуридаги ислом диншунослиги тадқиқотлари марказлари ва институтларида (Германия), Жамия Миллия Исламия университети (Ҳиндистон), Кувайт университети, Малайзия Ислом илмий университети ҳамда Исломободда жойлашган Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитасида 200 нафардан зиёд эксперт ва мутахассислар иштирокида ушбу мавзуга доир 20 та брифинг ва семинарлар бўлиб ўтди.

Таҳлил ва тадқиқот доиралари вакилларидан иборат бўлган мазкур тадбирларнинг иштирокчилари Ўзбекистонда ислом дини софлигини сақлаш, миллий қадриятларни қайта тиклаш, буюк аждодлар хотирасини ҳурмат қилиш ва улар қолдирган бебаҳо меросни авайлаб-асраш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишдилар. 

Бундан ташқари, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент анжуманидаги мазкур нутқи махсус рисола шаклида ҳам чоп этилди. Унга Марказий Осиё бўйича Кембриж форумининг раиси, профессор Сидхарт Саксена сўзбоши ёзган. Олимнинг қайд этишича, мазкур рисола Марказий Осиёга ихтисослашган тадқиқотчилар, инсоният олдида турган замонавий ижтимоий ва диний хавф-хатарлар ҳал этилиши йўлларини тадқиқ этиш билан шуғулланаётган мутахассислар учун бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади.