АҚШдаги илк харидорга Bugatti Chiron автомобили етказиб берилди. Маълумки, гиперкардан атиги 500 дона ишлаб чиқарилса, унинг 30 фоизи Қўшма Штатларга етказиб берилади. 

Bugatti Chiron нархи барча солиқлар ва божлар қўшиб ҳисобланганда Америка бозоридаги харидорга (энг арзони намунаси) камида 3 млн долларга тушади. 

Америка учун илк Chiron аралаш сариқ-қора тусга бўялди. Ҳа айтганча, Bugatti компаниясининг таъкидлашича, режалаштирилаётган 500 дона автомобилдан 250 таси аллақачон сотиб бўлинган. Эслатиб ўтамиз, серияли Chiron 2016 йили Женева автосалонида намойиш этилган эди. Гиперкар модернизациялашган 8 цилиндрли W16 квадтурбо двигатель билан жиҳозланади. Унинг қуввати 1 500 от кучига тенг. Мотор 7 босқичли автоматлашган узатмалар қутиси билан узвийликда машинани ҳаракатлантиради. 

Bugatti компанияси жорий йилда 70 дона Chiron ишлаб чиқаришни режалаштирган. Агар шундай суръат сақлаб қолинса, белгиланган режа 2024 йилда бажарилади. 

Таъкидлаш жоизки, америкалик харидор учун етказилган илк Bugatti Chiron Пеббл-Бичдаги нафислик кўргазмасида ҳам намойиш этилди.