Меҳнатнинг таги роҳат. Баъзи кимсалар ушбу мақолнинг моҳиятини ўз қарашларидан келиб чиқиб, талқин этишади. Ана шундай кимсалардан бири Рустам Муслимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)дир. У мўмай даромад топишни мақсад қилиб, эгри йўлни танлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Р.Муслимов Чирчиқ шаҳридаги уйлардан бирини “нишон”га олди. У “Нур” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Д.Маликова орқали Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан рўйхатга олинган, эгаси бўлмаган мазкур хонадоннинг ҳужжатларини қўлга киритди. Бу ишни амалга ошириш учун “ёрдам” қўлини чўзган ҳокимиятнинг тегишли мансабдор шахсига 1500 АҚШ доллари берди.

Мазкур уй ҳужжатлари қўлга киритилгач, уйнинг собиқ эгаси – марҳум Валерий Усеинов гўё қўшни республикада яшаётгани учун унинг номидан Р.Муслимовнинг номига Қозоғистон Республикасининг Сариёғоч шаҳрида жойлашган нотариал идорасидан 2013 йил апрель ойида уйни сотиш ҳуқуқини берувчи қалбаки ишончнома олишга эришилди. 2014 йилнинг июнь ойида эса ушбу хонадон қалбаки ҳужжат асосида фуқаро Зоҳид Қодировга 11500 АҚШ долларига сотилди ва унинг номига Чирчиқ шаҳридаги давлат нотариал идорасида расмийлаштириб берилди. Жиноий йўл билан қўлга киритилган пуллар Р.Муслимовнинг манфаатлари йўлида сарфлаб юборилди.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам ошкор бўлади, деган нақл бежиз айтилмаган. “Ишни хамирдан қил суғургандек, осон битириб, мўмай даромадга эга бўлдим”, деган хаёлда юрган бу кимсанинг қўлларига темир ҳалқалар тақилгандагина, пушаймондан унинг боши эгилди. Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилган эгасиз уйлар хатловдан ўтказилганида Р. Муслимовнинг қилмиши фош бўлган эди.

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг ҳукми билан ушбу жиноятга алоқадор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.