Эрон суди АҚШ ҳукумати Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн қўшинлари Эрон-Ироқ уруши вақтида содир этган кимёвий ҳужумлар учун эронликларга 245 млн доллар товон пули тўлаб бериши кераклиги ҳақидаги қарорни чиқарди.

Кимёвий қурол қўлланган ҳолда амалга оширилган бомбардимонлар вақтида жабр кўрган бир неча эронликлар судга даъво аризаси бердилар ва суд 18 та аризага кўра қарор чиқарди.

Икки қўшни давлат ўртасидаги ўзаро уруш вақтида Ироқ томондан кимёвий қурол қўлланиши оқибатида ўн минглаб эронликлар жабр кўрган. Ҳозирда 100 мингга яқин одам ўша ҳужумлар оқибатида турли касалликлардан азият чекиб келади. Теҳрон бунда Ҳусайн тузумини кимёвий қурол билан таъминлаб турган АҚШ ва Германия, Италия ва Испания компанияларини айблаб келади. 

Эрон ва Ироқ ўртасидаги 1980 йилдан 1988 йилгача давом этган уруш вақтида миллионга яқин одам ҳалок бўлган. Бу уруш Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик қуролли ихтилоф бўлган.