​Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари  билан бўлиб ўтган учрашувда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳузурида «Ўзбекистон халқ артистлари клуби»ни ташкил этиш бўйича таклиф билдирганди. Орадан бироз фурсат ўтиб, «Ўзбекистон халқ артистлари клуби» ташкил этилиб, биринчи ташкилий йиғилишини ўтказди ҳамда клубнинг вилоятлардаги фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

«Ўзбекконцерт» вакилининг KUN.UZ нашрига хабар беришича, Фарғона водийсида Илҳом Ибрагимов клуб фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги санъаткорларни бирлаштириб турувчи клуб фаолиятини Мардон Мавлонов бошқаради. Республика миқёсида ташкил этилган «Ўзбекистон халқ артистлари клуби»​га эса Фаррух Зокиров бош этиб тайинланди.

Манбанинг айтишича, клуб аъзолари икки ойда бир марта йиғилиш ўтказади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, клубнинг биринчи йиғилиши жорий йилнинг 17 август куни ўтказилган. 

«Ўзбекистон халқ артистлари клуби»​нинг асосий мақсади мамлакатимизда миллий эстрада санъатини ривожлантириш, ижодкорларга бошчилик қилиш, ўз фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиш, билим ва тажрибаларини ёшларга ўргатишдан иборат. Шунингдек, клуб аъзолари миллий эстрада санъатини ҳар қандай бегона таъсирлардан, айниқса, эндигина вояга етиб келаётган ёш истеъдод соҳибларини оммавий маданият руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, мазмунсиз, савияси паст куй-оҳанглар ва қўшиқларнинг пайдо бўлишини олдини олишдек вазифани ўз олдига қўйган.