Профессионал фаолиятига якун ясаган ямайкалик спринтер, Олимпия ўйинларининг саккиз карра чемпиони, дунёнинг энг чопқир инсони мақомига сазовор бўлган Усэйн Болт энди ресторанлар бизнеси билан шуғулланмоқчи. Собиқ спортчи Буюк Британияда Ямайка ошхоналари тармоғини очмоқчи.

Daily Mail маълумотига кўра, Болт ҳамкорларидан бири ҳисобланадиган Ямайкадаги франчайзинг компанияси (Franjam) Буюк Британияда 5 йил ичида 15 ресторан очишни режалаштирган.

«Мен Ямайка таомлари таъмини бошқалар билан бўлишишдан мамнун бўламан. Бу таъмни мен биламан ва хуш кўраман, энди дунёнинг бошқа нуқталарида, Буюк Британияда шундай ресторанлар очилишидан хурсандман», деган Болт.

Ҳозирча у Туманли Альбион аҳолисига айнан қандай таомлар таклиф этаётгани маълум эмас. Аммо менюда спортчи томонидан ишлаб чиқилган рецепт бўйича тайёрланган бургерлар бўлади. Ҳозирча инстаграмда таомлардан бири сурати жойлаштирилган.