Францияда 2016 йил қабул қилинган янги қонун бўйича, супермаркет шохобчаларида сотилмай қолган озиқ-овқатларни чиқиндихоналарга ташлаш мумкин эмас, шунингдек, бундай маҳсулотларни мажбурий тартибда муҳтожларга тарқатиш лозим.

Орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтиб, бу қонун лойиҳасига нисбатан сотувчи, харидор ва кузатувчиларнинг муносабати қандай?

Белгиланган тартибга кўра, 400 кв. м майдон ва ундан катта жойни эгаллаган супермаркет раҳбарияти 2016 йилнинг июль ойига қадар маҳаллий хайрия жамиятлари билан шартнома тузишга мажбур эди. Ушбу ташаббус билан парламентда нутқ сўзлаган Араш Дерамбашнинг айтишича, у қиш кунлари супермаркет атрофидаги чиқинди челакларини овқат илинжида титкилаб ўтирган кишиларни кўрган. Шундан сўнг, сўл марказчи Араш бундай ҳаётий синовларга атрофдаги тадбиркорлар ёрдам бериши керак, деб ўйлаб, янги қонун лойиҳасини муҳокамага кўтарганди.

Жамоатчилик тарафидан илиқ кутиб олинган ташаббус амалда яхши натижалар келтира бошлади. Restos du Coeur​ хайрия фондининг раҳбари Оливер Берти бу ҳақда шундай дейди:

"Очиғи, биз бундан жуда хурсанд бўлдик, вақт ўтиб биз тарқатишимиз лозим бўлгандан кўра, кўпроқ овқат ола бошладик. Ҳолатни таҳлил қилиб тушундикки, муҳтожлар сафи камайиб бормоқда", дейди у.

Шунга қарамай озиқ-овқат етказиб берувчи ва савдоси билан шуғулланувчи Франция чакана савдо федерацияси вакили амалдаги қонундан норози эканлигини билдирган.

"Биз чиқарган чиқинди Франциядаги бутун қисмнинг 5 фоизини ташкил этарди. Айни пайтда 4500 супермаркет маҳаллий кичик фондлар билан шартнома тузди, бу ёмон кўрсаткич эмас. Аммо бу узоқ муддатдаги савдо муносабатларига салбий таъсир ўтказишидан қўрқамиз", дейди Жак Крейсел.

Лилль шаҳри яқинидаги Леклерк супермаркети иш бошқарувчиси Томас Почер вазиятга бошқача ечим ўйлаб топган: Савдо ходимлари кассага яқинлашган ҳар еттинчи харидорга бир егуликни текинга тақдим этади. Франция Экология вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, чиқиндиларнинг 67 фоизини уй хўжалиги соҳибларининг ҳиссасига тўғри келади. Бу ўринда турмушда ҳам оддий иқтисодий билимларни такрорлаб олиш зиён қилмайди.

Маълумот учун, ушбу қонун мазмунига мос келадиган ҳужжат Италияда ҳам қабул қилинган бўлиб, бу давлатдан ёрдам нафақасини сўраб мурожаат этувчи аризачилар сонини тушиб боришига сабаб бўлмоқда.