Исландиядаги Кеблавик халқаро аэропортининг кириш зали эшигига автомобиль келиб урилди. Iceland Monitor шу ҳақида хабар берди. 

Воқеа 20 август куни маҳаллий вақт билан соат 18:00да Исландия пойтахти Рейкьявикдан 50 километр нарида рўй берган. Гувоҳнинг маълумотларига кўра, автомобиль ҳайдовчиси тахминан 20 ёшда. Ҳайдовчининг қоидабузарлиги сабаб полиция унинг кетидан тушган ва йўлини тўсишга муваффақ бўлган. У машинадан қўлларини кўтарганча чиқиб келган, полициячилардан бири унинг ёнига яқинлашганда эса йигит унга ташланиб, зарба берган. 

Шундан сўнг у бошқа автомобиль ёнига бориб, ундаги аёл-ҳайдовчини олиб чиққан ва унинг машинасига ўтириб,  воқеа содир бўлган жойдан қочишга уринган. 

Полиция унинг изига тушган. Натижада у Кеблавик халқаро аэропортининг кириш зали эшигига бориб урилган ва полиция уни қўлга олган.

Жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.