Испаниялик сузувчи Фернандо Альварес Будапештда ўтаётган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатида Каталониядаги терактлар қурбонларини якка ўзи сукут сақлаш билан хотирлади. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда. 

Аввалроқ 71 ёшли Альварес фахрийлар (70 ёшдан 74 ёшгача бўлган ёш тоифаси) ўртасида 200 метрга брасс усулида сузиш баҳси олдидан мусобақа ташкилотчиларига бир дақиқалик сукут сақлашни эълон қилиши илтимоси билан мурожаат қилган. Бироқ унинг айтишича, Халқаро сузиш федерацияси унинг илтимосига рад жавобини берган.

Рад жавобини олган Альварес 19 августда бўлиб ўтган сузиш баҳси олдидан қолган спортчилар билан бирга сувга сакрамаган. У сувга сакрашдан олдин старт тумбасида 60 сония қимирламаган ҳолда турган.

Эслатиб ўтамиз, 17 августда Испаниянинг Барселона ва Камбрильс шаҳарларида бир қатор терактлар содир этилганди. Бу ҳужумлар оқибатида 15 киши ҳалок бўлган.