Агарда сиз провайдер интернетнинг маълум қилинган тезлигини таъминламаяпти, деб ҳисобласангиз, ёки шунчаки уни ўзингиз учун билмоқчи бўлсангиз, сизга махсус сервислар талаб этилади.

Қурилмани тайёрланг

Бу ҳаракатлар тестларнинг натижаси аниқ бўлишига ёрдам беради.

1.  Браузердаги ортиқча саҳифаларни, торрент-мижоз ва интернет-каналдан фойдаланиши мумкин бўлган бошқа дастурларни ёпинг.

2.  Ўзингиз тармоқ тезлигини тестдан ўтказмоқчи бўлган қурилмадан бошқа барча қурилмаларда интернетни ўчиринг.

3.  Агарда текширув жараёнини интернетга Wi-Fi орқали уланган компьютер орқали амалга ошираётган бўлсангиз, кабель орқали уланишга ҳаракат қилиб кўринг.

4.  Браузернинг рекламани тўсувчи ва бошқа жиҳатларини ўчириб қўйинг

Кўрсаткичларни аниқланг

Кирувчи тезлик (Download Speed) — тармоқдан файлларни юклаш тезлиги. Сониясига мегабитлар билан ўлчанади (Мбит/с). Бу кўрсаткич муҳим саналади, айнан уни интернетнинг тезлиги, деб аташади. У қанчалик юқори бўлса, веб-саҳифалар шунчалик тез очилади, нарса юкланади ва ўйинлар ҳамда онлайн-трансляциялар барқарор ишлайди.

Чиқувчи тезлик (Upload Speed) — тармоққа файлларни юклаш тезлиги. Бу кўрсаткич қанчалик юқори бўлса, маълумотлар локал қурилмадан сервер ёки бошқа фойдаланувчилар қурилмасига шунчалик тезлик билан юборилади.

Пинг (Ping) — маълумотлар локал қурилмадан серверга бориши ва жавоб келишига алоқадор умумий вақт. Миллисонияларда ўлчанади (Мс). Бу кўрсаткич қанчалик паст бўлса, маълумотлар алмашиш ҳам шунчалик тез бўлади. Одатда, 50 Мс.дан паст пинг оғир онлайн-ўйинларни бемалол ўйнашга имкон беради.

Интернет тезлигини қуйидаги сервислар орқали ўлчанг

Тушуниш лозимки: ҳар бир сервис фақатгина тахминий кўрсаткичларни беради. Бунинг устига пинг, юклаш ва бериш тезлиги масофа ҳамда сервернинг техник ўзига хос жиҳатларига боғлиқдир. Шунинг учун тезликни турли сервисларда ўлчаш ва ўртачасини натижа сифатида олиш лозим.

Агарда симсиз уланишдан фойдаланаётган бўлсангиз, натижага модем/роутернинг ўзига хос жиҳатлари, симсиз тармоқдаги тебранишлар ва сигнал манбасидан қанчалик узоқда жойлашганлик ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатда интернет тезлиги кабель орқали ўша провайдерга уланишдаги тезликдан анча паст бўлиши мумкин.

Fast

Тестнинг расмий сайтини очинг – тизим дарҳол текширувни бошлайди. Бу сервис энг оддийси. У фақатгина кирувчи тезликни аниқлайди.

Speedtest

Сайтга ўтинг ва “Бошлаш” тугмачасини босинг. Сервис текширув жараёни тугаганидан сўнг кирувчи ҳамда чиқувчи, шунингдек, пинг тезликларини аниқлайди. Агарда телефон ёки планшетда тезликни текшираётган бўлсангиз, Android ёки iOS учун иловадан фойдаланишингиз мумкин. Шунингдек, Google Chrome учун Speedtest’нинг кенгайтирилган варианти бор.

2ip.ru

2ip.ru сайтини очинг ва “Интернет-уланиш тезлиги” бандига босинг. Сўнг “Тестдан ўтказиш” тугмачасини босинг. Сервис пинг, кирувчи ва чиқувчи тезликни таҳлил қилади ҳамда натижаларни тақдим этади.

Яндекс.Интернетометр

Сервис сайтини очинг ва “Ўлчаш” тугмачасига босинг. “Яндекс.Интернетометр” интернетнинг кирувчи ҳамда чиқувчи тезлигини текширади.

μTorrent

Юқорида номлари келтирилган ихтисослаштирилган сервислардан ташқари, интернетнинг кирувчи тезлигини μTorrent ёки бошқа исталган торрент-мижоз ёрдамида текшириш мумкин. Бу усул қулай бўлади, фақатгина сиз файлларни трекерлардан қандай кўчириб олишни билишингиз лозим.

Тест учун мижоздан фойдаланиш мақсадида бўлсангиз, исталган катта файлни юклашга қўйинг. Унда берувчи сидлар 1 000 дан ошиқ бўлиши ҳамда юкловчи личлар камроқни ташкил этиши керак. Мижоз созламаларида маҳсулотни юклаш тезлиги учун чекловлар кўрсатилмагани ва у файлларни бир вақтнинг ўзида бошқа жойлардан юклаб олмаётганига ишонч ҳосил қилинг.

Торрент-мижоз ҳар доим нарсани юклаб олаётган тезликни кўрсатади. Унинг ўртача кўрсаткичи интернетнинг тахминий кириш тезлигига баробар. Агарда у сониясига мегабитларда эмас, балки мегабайтларда кўрсатилаётган бўлса, кўрсаткичларни тестлар натижаси билан таққослашингиз мумкин: бир мегабайтда саккиз мегабит.