Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги 5032-сонли фармони қабул қилиниши, авваламбор, республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдиришга кенг имконият яратади.

Президентнинг 2017 йил 3 майдаги 5032-сонли фармонига мувофиқ, вилоятимизнинг Косонсой туманида “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Эркин иқтисодий зонага тадбиркорлар таклиф этилмоқда, дейилади Наманган вилояти ҳокимлиги сайтида. 

Бундан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат;

- Республикамизнинг фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

- Доривор ўсимликлар хомашёсини етиштиришнинг ноёб шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш;

- Уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори сифатли  фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

- Вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва вилоятимиз аҳолиси даромадларини ошириш;

- Ички бозорни кенг турдаги ҳаммабоп, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ тўлдириш ва вилоятимиз саноат салоҳиятини ривожлантириш масалаларини ҳал этиш.

“Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этиш мақсадида Косонсой тумани “Намуна” массивидан дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун 32,0 гектар, доривор ўсимликларни етиштириш плантациялари учун “Бухоро” массивидан 100,0 гектар ер майдони ажратилди.

Ташкил этилаётган эркин иқтисодий зонанинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган. Шунингдек, ҳудудда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади ҳамда эркин иқтисодий зона иштирокчилари томонидан инвестициялар киритилганда тегишли имтиёзларга эга бўлади.