Лондондаги Биг-Бен минорасининг дунёга машҳур соатлари душанба куни бонг урмади. BBC шу ҳақида хабар берди

Соатни таъмирлаш режалари ҳақида ўтган йили маълум қилинган эди. Ўшанда соатни бир неча ойга тўхтатиш режалаштирилганди. Ўтган ҳафта эса Жамоатчилик палатаси танаффус тўрт йил, яъни 2021 йилгача давом этишини маълум қилди.

Британиянинг қатор сиёсатчилари бу ғояга қарши чиққан. Хусусан, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй бундай узоқ танаффусни танқид қилди ва "Биг-Бенни тўрт йил сукут сақлашга мажбур қилиш нотўғри" эканини таъкидлади. Шундан сўнг Британия парламенти Елизавета минорасини қайта таъмирлаш режасини кўриб чиқишини маълум қилди. 

Соатларнинг тўхташига доир қарор хавфсизлик нуқтаи назаридан эълон қилинган. 

Ҳозирча Британия ҳукумати қиймати 5,7 миллиард фунтни ташкил қилиши мумкин бўлган лойиҳани мувофиқлаштирмаган. Юқори нарх барча муҳандислик тизимларининг тўлиқ алмаштирилиши зарурлиги билан изоҳланмоқда, улар 1950-йиллардан буён янгиланмаган. 

Анъанага кўра, сўнгги 157 йил давомида Биг Бен ҳар 15 дақиқада жаранг сочади. Бу анъана охирги марта 2013 йилда мамлакатнинг собиқ бош вазири Маргарет Тэтчернинг дафн маросими сабаб бузилганди. Шунингдек Биг Бен 1965 йилда, Уинстон Черчиллнинг ўлими муносабати билан ҳамда Биринчи жаҳон уруши йилларида ҳам бир неча марта тўхтатилган. 

Охирги марта механизмнинг профилактика ишлари 2007 йилда ўтказилган. 

Таъкидлаш жоизки, минора соатлари 1859 йилнинг 31 майида ишга туширилган. Соат механизмининг умумий оғирлиги 5 тоннани ташкил қилади, циферблат диаметри - 7 метр. Биг Бен Лондоннинг асосий рамзларидан бири ҳисобланади.