Кўпгина корхоналарни қўя турайлик, умуман, ходимлар ва кишилар орасида бош директор қанақа бўлиши кераклиги ҳақида турли фикрлар, қарашлар мавжуд. Қолаверса, кўпчилик тадбиркор бўлиш ва йирик корхонани бошқаришда қандайдир қобилият соҳиби бўлиш керак, деб ўйлаши ҳам сир эмас. BBC телекомпанияси қуйида бу борадаги айрим кескин тушунчалар ноўрин экани ҳақида фикр юритади

Эндрю Силвернейл Американинг Мэн штатидаги унча катта бўлмаган шаҳарчасида вояга етди. У ерда энг йирик корхона қоғоз фабрикаси ҳисобланарди. Аммо, кун келиб, шу каби йирик компания бош директори бўлиш унинг тушига ҳам кирмаган эди. Эндрю ҳар доим ўзини шифокор сифатида тасаввур қилган. 

Унинг айтишича, «у бизнес ҳақида тушунчага ҳам эга бўлмаган». Ҳаммаси университетда остин-устун бўлиб кетди. Силвернейл қурилиш компанияси бошқарувчиси бўлган маҳаллий тадбиркорга сиёсий кампаниясини ишга туширишда ёрдам бериб келган. У шундай хотирлайди: «У одамларнинг қадрли жиҳатларини топа оларди. Бундан ташқари, у ҳар доим натижага интилар ва одамлар турмушини яхшилашга ҳаракат қиларди». Кейинчалик, Силвернейл молиявий фирма таҳлилчиси бўлиб ишлар экан, бошқа бир компаниянинг ижрочи директори билан танишиб қолди. У Силвернейлга бизнес билан шуғулланишни тавсия қилди. Ўшанда Силвернейл бу ғояга эътибор бермади. Чунки унга таниш бўлган кўплаб раҳбарлар якка ҳокимларча ва ўта қаттиққўл услубдан фойдаланишар, бу эса унга хушёқмас эди. 

Бироқ вақт ўтиб у одамлар кўп ҳолларда қайси сифатлар инсонни муваффақиятли раҳбар қилиши борасида хато қилишига ишонч ҳосил қилди. Айни вақтда Силвернейл IDEX корпорациясига раҳбарлик қилади. Унинг капиталлашуви 8,6 млрд доллардан ортиқ. Компания қишлоқ хўжалиги, ёнғин хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш учун турли маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Силвернейлнинг қатъий ишонишича, сизнинг интроверт (одамови) ёки экстраверт (очиқ) эканингиз умуман аҳамият касб этмайди. Омадли раҳбар ходимларга ҳурмат билан ёндашуви, қўйилган мақсадни тўғри англаш ва келиша олиш қобилияти билан ажралиб туради. Унинг сўзларига кўра, «инсонни яхши раҳбар бўлишига доир қатор асоссиз фикрлар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари йўқолиб бораяпти, бошқалари ҳамон кучли мақомини сақлаб турибди».

Силвернейл ўз қобилиятларига ишонмаган ягона раҳбар эмас. GhSMART консалтинг фирмаси ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳақиқий етакчининг сифатлари хусусида кўплаб хато фикрлар мавжуд. Уларнинг аксарияти компания томонидан ўтказилган ўрганишлар чоғида инкор этилди. Кўплаб салоҳиятли раҳбарлар, айни қарашлар сабаб, бош директор бўлишга даъвогарлик қилишдан аввал, етти ўлчаб бир кесишга мажбур бўлишган. 

GhSMART эгаларидан бири Елена Литкина-Ботельо 10 йил мобайнида The CEO Genome лойиҳаси доирасида омадли раҳбарларга хос одатларни аниқлаш мақсадида минглаб компаниялар раҳбарларини ўрганди. У шундай дейди: «Кўп ҳолларда ҳеч ким бирор кишини 15-20 йилдан сўнг компания директори бўлади, деб ҳисобламаган. Бизнинг натижаларимиз кўрсатишича, энг қуйи қатламдан чиққанлар ҳам юқори чўққиларни забт этиши мумкин».

1-афсона: Раҳбар харизматик бўлиши даркор

Компания раҳбари харизматик, яъни ўз фикрини атрофдагиларга ўтказа оладиган, кишиларни ишонтира оладиган киши бўлиши лозим, деган фикр энг кенг тарқалган нотўғри қарашлардан биридир. Бу борада фикр юритганда General Electric компаниясининг собиқ бош директори Жек Уэлч ёки Apple етакчиси Стив Жобс келади. Улар ўзларининг кўп сонли мухлислари билан фахрлана олишарди. Шу сабабли, компаниялар эгалари бош директорликда айнан шу сифатга эга бўлганларни кўришни хоҳлашади. Литкина-Ботельонинг айтишича, «бош директорликка номзод директорлар кенгаши аъзоларининг аксариятига ёқса-да, интровертлиги кўпчиликни ташвишлантирган».

Маълум бўлишича, бошқаларни ишонтира олиш ва ўз ортидан етаклаш ролига ортиқча баҳо бериб юборилган. Литкина-Ботельо бош директорлар фаолиятини таҳлил қилар экан, интровертлар экстравертлардан устунлигини аниқлаган. Кўплаб компаниялар аксар ҳолларда ўзига қаттиқ ишонган номзодларни маъқул кўришади. Бироқ уларнинг қарорлари нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Тадқиқотчига кўра, ташқи жозибадорлик ва ўзига ишонч иш қидирувчининг имкониятларини оширади, аммо бўлғуси натижаларга таъсир кўрсатмайди. 

2-афсона: Раҳбар хатосини тан олмаслиги керак

Ҳа, кўплаб раҳбарлар ўз хатоларини тан олиши қийин кечади. Айримлари буни заифлик намунаси деб билишади, бошқалари директорлар кенгаши ёки акциядорларнинг салбий ёндашувидан қўрқади. Аммо хатолар аслида муваффақият сари йўлдир. Литкина-Ботельонинг аниқлашича, деярли барча бош директорлар ўз фаолияти давомида хатога йўл қўйган. 45 фоиз ҳолатда бу хатолар туфайли улар ишларидан айрилган ёки компанияга жиддий зарар етказган. Қачонлардир ўз мансаб пиллапоясини барбод қилган ёхуд компанияни деярли нобуд қилганларнинг 78 фоизи бош директор лавозимига тайинланган. 

Энг яхши натижаларни эса ўз хатоларини тан олиб, тўғри хулоса чиқарганлар кўрсатишган. «Бу одамлар ўзларига ва атрофдагиларга: "Ҳа, мен жиддий хатога йўл қўйдим, аммо энди мен нима нотўғри бўлганини биламан“, дея олишган. Бирмунча заиф номзодлар, аксинча, ўз хатоларида бошқаларни айблашган ё бўлмаса ташқи омилларни айблашади. Буларнинг бари уларга ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришга халақит беради», - дейди Ботельо.

3-афсона: Раҳбар ўз соҳасида бой тажрибага эга бўлиши лозим

Маълум бир соҳада тажрибанинг йўқлиги номзоднинг компанияни бошқаришига тўсқинлик қилмаслиги керак, дея ишонч билан таъкидлайди Executive Headhunters компанияси мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича директор Элисон Райан. Унинг фикрича, «директорлар кенгашлари аксар ҳолларда бош директор компания йўналишига хос бўлган соҳанинг пухта билимдони бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Бироқ тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Яъни, айнан бошқа соҳаларда раҳбарлик тажрибасига эга бўлганлар яхши натижаларга эришишади». Бундай раҳбарлар компанияга янги ғоялар, истиқбол ёки тажрибаларни олиб келади. Райаннинг айтишича, бунда уларга соҳада қотиб қолган қарашларни билмаслиги қўл келади. Райанга кўра, керакли билимлар ўз вақтида келади. Бошқа соҳалардаги бой тажриба, юқори ақлий қобилият ва ходимларни бошқара олиш хусусияти соҳа ёки маҳсулотни батафсил билишдан муҳимроқдир. 

4-афсона: Раҳбар авторитар бўлиши керак

Кўпчиликнинг фикрича, бош директор бераҳм, шафқатсиз бўлиши керак. Ўз вақтида бу ғояни Жек Уэлч оммалаштирди. У ҳар йили ходимларини 3 гуруҳга тақсимлар эди. Энг яхши 20 фоизи мақтовлар олиб, юқори лавозимларга тайинланар эди. 70 фоизи қайта ўқитилган, қолган 10 фоизи, дод-фарёдга қарамай ишдан ҳайдалган. 

Силвернейл турли компаниялар раҳбарлари билан танишар экан, авторитар бошқариш услуби бизнесга зарар етказади, деган хулосага келди. «Жек Уэлч — ажойиб инсон. Бошқалар унинг айрим жиҳатларини ўзлаштиришга уринар экан, барчаси ёмон тугайди. Айрим инсонларнинг онгида қўрқитиш етакчиликнинг айни ўзидир, деган фикр ўрнашиб қолган», - дейди Силвернейл. Лекин кўплаб муваффақиятли раҳбарлар ўз табиатларидан келиб чиққан ҳолда қатъиятли инсонлардир. GhSMART консалтинг фирмаси аниқлашича, бу сифат директор лавозимида мақсадга эришиш эҳтимолини 12 карра кучайтиради. Омадли раҳбарлар тўғри қарор қабул қилишни билади ва буни ишонч билан амалга оширади. Аммо, аксар ҳолларда ходимлар, директорлар кенгаши ва акциядорлар билан фикрлашади. Раҳбар жуда ҳам юмшоқкўнгил ёки қаттиққўл бўлмаслиги керак. Тўғри, барчанинг бирдек кўнглини топиш мушкул, лекин диктатор ҳам бўлмаслик керак, ахир. Энг яхшиси олтин мувозанатни сақлашдир. Литкина-Ботельо бу хусусда шундай фикрда: «Компания раҳбарини оркестр дирижёрига ўхшатиш мумкин. Раҳбар акциядорларни ва ходимларни ҳам компания фаровонлиги учун ўз ортидан бирдек эргаштира олиши керак. Бунда у ёки бу томонга ён босиш мақсадга мувофиқ эмас». 

5-афсона: Раҳбар обрўли таълим олган бўлиши керак

Раҳбарлар ҳақидаги яна бир афсона шуки, омадли раҳбар гўёки Ҳарвард ёки Оксфордни тугатган бўлиши шарт. Бироқ The Genome Project тадқиқоти натижасига кўра, атиги 7 фоиз директорлар айнан шундай обрўли университетлар битирувчилари ҳисобланишади. Бунда муваффақиятли раҳбарларнинг 8 фоизи умуман олий маълумотга ҳам эга эмас. The Carlyle Group раҳбари Жилл Уайт эса ўзининг хусусий жамғармаларига сармоя киритадиган компанияга директорларни ёллаш борасида улкан тажриба соҳиби. Унинг ишонишича, таниқли университет дипломи келажакда яхши натижаларга эришишни кафолатламайди. Уайтнинг фикрича, муваффақият учун «бой интеллект (ақлий салоҳият)» керак, ўқув муассасаси эмас. «Диплом бўлиши яхши, аммо унинг йўқлиги ёмон нарса эмас».

Элисон Райаннинг уқдиришича, Буюк Британияда машҳур университетлар дипломларига камроқ эътибор қаратишади. Таълим муассасасини танлаш ақлни эмас, балки ижтимоий табақага хосликни билдиради. Британияликларнинг ишонишича, таниқли университет дипломи ақлий салоҳият ёки инсон тасаввури бойлигини англатмайди. 

Шундай экан, кўзланган мақсадингиз сари ҳеч нарсага чалғимай олға қадам ташлайверинг. Бу йўлда сизга омад тилаймиз!