Фақатгина бир тилда суҳбатлашиш меҳнат фаолиятингизда сизни ортда қолдириши мумкин. Агар сиз мансаб пиллапояларидан кўтарилишни истасангиз ёки чет элларда янги имкониятлар қидирсангиз, икки ёки ундан кўп тилда бемалол суҳбатлашиш бир тилли ҳамкасбларингиз қаршисида устунлик тақдим этади. 

Қуйидаги 7 тилдан бирини аъло даражада билиш (инглиз тилидан ташқари) иш қидиришда қатор фойдаларни тақдим этади.

Мандарин Хитой тили

Мандарин тилининг глобал миқёсдаги таъсири сўнгги вақтларда кенгайиб бормоқда. АҚШдан кейинги энг йирик иқтисодга эга Хитой иқтисодиётининг давомли ва тез ўсаётгани Мандарин тилини жаҳон бизнесида инглиз тилидан кейин энг муҳим тилга айлантирди. 

Инглиз тили баробарида хитойчани ҳам жуда яхши билиш салоҳиятли иш берувчи учун жуда ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. 

Немис тили

Европада ишлашни хоҳлаган ҳар қандай киши немис тилини ўрганиш учун вақт сарфлаганидан афсусланмайди дейиш мумкин. Германия ЕИнинг энг йирик иқтисодиёти бўлиши баробарида Марказий Европанинг қатор мамлакатларида немис тили расмий тил ҳисобланади. Дунё бўйлаб 130 млн атрофидаги кишилар айнан шу тилда сўзлашади. 

Германия компаниялари кўп ҳолларда ўзлари фаолият юритаётган соҳаларнинг етакчилари ҳисобланишади. Мисол учун, Allianz Worldwide, Siemens, Deutsche Bank Group ва BMW шулар жумласидан.

Испан тили

Жуғрофий жиҳатдан олганда, саёҳат ва халқаро мулоқот чоғида бошқа тилларга қараганда испан тилини билиш устунлик касб этган. 400 млндан ортиқ ушбу тилда сўзлашувчилардан ташқари, дунёнинг катта қисмида испан тилида хизмат кўрсатиш асосий жиҳатлардан биридир. У 21 давлатда асосий тилдир. 

Қайд этиш керак, испан тили Жанубий Американинг гуркираб ривожланаётган Эквадор ва Парагвай каби давлатларининг расмий тили ҳисобланади. АҚШда ҳам испан тилини билган кишига иш берувчилар жиддий ёндашишади. 

Португал тили

Португалча сўзлаша оладиганлар учун талаб Бразилия иқтисодиёти барқарор ўсаётган бир вақтда ортиб бормоқда. British Council ҳисоботига кўра, Лотин Америкасининг ушбу мамлакати ЯИМ 2020 йилга келиб, Франция ва Буюк Британия кўрсаткичларини ортда қолдиради. Бундан ташқари, Бразилия маданияти ўтган йиллар мобайнида ҳам жаҳон диққат марказида бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. 2014 йилги футбол бўйича Жаҳон биринчилиги, 2016 йилги Олимпия ўйинлари шулар жумласидан. 

Лотин Америкасида иккинчи энг йирик тил ҳисобланувчи ва дунё бўйлаб 215 млнга яқин сўзлашадиган тил сифатида португал тили Европада ҳам энг тез ривожланаётган тиллардан биридир. 

Япон тили

Фан ва технология соҳасида ишлашни ёки изланишлар олиб боришни хоҳлаган ҳар бир киши учун япон тилини билиш жуда кўп имкониятлар эшигини очиши мумкин. Япониянинг робот технологияларини ривожлантиришда тараққий этгани сабабли япон тили "роботлар тили", деб аталмоқда.

Бу тилда 125 млнга яқин япон миллатига мансуб халқ сўзлашади. Гарчи бу тил испан тиличалик саёҳат чоғида ёрдам бермаса-да, Япония дунёнинг учинчи энг йирик иқтисодиёти эканини унутмаслик керак. 

Француз тили

Ҳа, албатта, тиллар рўйхатида француз тилини эътиборга олмаслик ҳам тўғри бўлмайди. Бу тил Европада кенг тарқалгани баробарида Африканинг тез суръатларда ривожланаётган айрим мамлакатлари ҳам уни расмий тил сифатида қабул қилишган. Тахминларга кўра, 2050 йилга келиб, француз тилида сўзлашувчи Африка аҳолиси кўпайиши ортидан 700 млндан ортиқ инсон шу тилда мулоқот қилади. 

Француз тили халқаро дипломатия тили ҳамдир. БМТ ва ЖСТнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари бу тилни билган сайёҳлар қийинчиликларга кам дуч келишади. 

Араб тили

Жаҳон тилларидан бири бўлган араб тилида дунё бўйлаб 300 млн атрофида фуқаро суҳбатлашади. Бу тилни билиш энергетика, қурилиш ва кўчмас мулк билан шуғулланиш борасида Яқин Шарқ дарвозаларини очади. Араб тили расмий тил бўлган қатор мамлакатлар АҚШ ва Буюк Британия билан ҳамкорлик қилиб, йилига млрдлаб доллар даромад кўрмоқда. 

Шу ўринда бонус сифатида ушбу рўйхатга киритилмаган яна бир тил ҳақида қисқача тўхталсак. 

Рус тили

Жаҳон тилларидан бири ҳисобланувчи рус тили шарқий ярим шар ва дунёнинг ҳудудий жиҳатдан энг йирик давлати Россия ва қатор қўшни мамлакатларда расмий тил ҳисобланади. МДҲ ва Шарқий Европа, Болтиқбўйи ҳамда дунёнинг турли бурчакларида рус тилида сўзлашувчилар сони 400 млн кишидан ортади. 

Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири экани эътиборга олинса, ушбу давлат тилини бошқа хорижий тиллар қатори аъло даражада билиш ҳам мутахассисга улкан имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.