Энг бадавлат ишбилармонлар китоб ўқишга жуда кўп вақт ажратишади ва айнан мутолаани муваффақиятларининг бир қисми, деб билишади. Уларнинг мисолидан илҳомланинг.

Уоррен Баффет

Ишбилармон, дунёдаги энг йирик ва таниқли сармоядорлардан.

Кунларнинг бирида Баффетдан муваффақиятнинг калити нима, деб сўрашганида у: «Кунига 500 бет китоб ўқинг. Билимлар ҳам омонатдаги фоиз каби тўпланиб боради. Бу ҳамманинг қўлидан келадиган нарса, лекин ҳақиқатда жуда ҳам кам киши бунга киришади», деган.

Баффетнинг ўзи сармоядорлик карьераси бошланишидан аввал кунига 600–1000 бет китоб ўқиган. Ҳозир ҳам бўш вақтининг 80 фоизини китоб ўқишга бағишлайди. Бунга у қандай эришмоқда? Шунчаки, буни у муҳимлиги бўйича биринчи ўриндаги вазифа, деб билади.

 

Марк Кьюбан

Ишбилармон, Landmark Theatres эгаси, HDNet компанияси раҳбари.

Кьюбан кунига 3 соат китоб ўқийди ва бу унга ўз кучларига ишончини мустаҳкамлашда ёрдам беради. Унинг сўзларига қараганда, болалигида у қўлига тушган ҳар бир китоб ва журнални ўқиган, чунки келажакда у ёки бу нарсага эришиши мумкинлигини бор йўғи битта яхши фикр ўзгартириб юбориши мумкин эди.

«Агар барча очиқ маълумотларни истеъмол қилиш учун етарли даражада вақт сарфласам, ўз бизнесимда янада кўпроқ марраларга эришаман, деб ўйлайман», — деган Кьюбан.

 

Билл Гейтс

Ишбилармон, жамоат арбоби, Microsoft асосчиси.

Гейтс йилига 50 та китоб ўқийди. Унинг сўзларига кўра, гарчи жаҳон бўйлаб кўп саёҳат қилиб, қизиқарли инсонлар билан жуда кўп учрашса ҳам, мутолаа ҳамон қандайдир янги нарса ўрганиш ва ўз нигоҳини кенгайтириш учун асосий воситалигича қолмоқда. Сафарга чиққанида у ҳамиша ўзи билан китоб олади.

 

Илон Маск

Ишбилармон, ихтирочи ва сармоядор

Ракеталар ясаш учун нархлар жуда баланд эди, шу сабабли Маскнинг ўзи мустақил равишда уларни ясашни ўрганишга қарор қилади. Бунинг учун, албатта, кўп китоб ўқиган. У муайян мақсадга етишишга интилиб, муъайян билимлар олишнинг уддасидан чиқади ва ўзи истаган нарсага эришмагунча тўхтамайди.

 

Тони Роббинс

Ёзувчи, ишбилармон, мураббий, лайф-коучинг бўйича бестселларлар муаллифи

Роббинс қашшоқ оилада вояга етади, унинг онаси пиёниста эди. У китоб мутоааси уни ҳаётда қутқаргани ва янада кучлироқ бўлишига туртки бергани ҳақида гапиради.

«Мен тез ўқиш курсларини ўтаб, етти йил ичида психология, физиология ва ҳаётни ўзгартиришда қўл келадиган барча нарсалар ҳақида 700 та китобни ўқиб чиқдим», — дейди Роббинс.

Қандай қилиб янада кўпроқ китоб ўқиш мумкин?

1. Кутубхоналарга боринг. Бу минглаб китобларни текин ва арзимаган пул сарфлаб ўқишнинг энг яхши усули.

2. Соат билан ўқинг. Бўш вақтингиз қанча бўлиши — 30 дақиқами ё 3 соатми — қатъи назар, соат сизни мутолаага шўнғишга ва ҳеч нарсага чалғимасликка ундайди.

3. Ҳамиша қўл остингизда китоб бўлсин. Йўлда ҳам аудиокитоблар тинглаб кетинг. Кутишга кетадиган вақтни ҳам беҳудага сарфламанг — доимо ёнингизда қоғоз ёки электрон китоб бўлсин.

4. Уйқу олдидан мутолаа қилинг. Тадқиқотларга кўра, уйқу олдидан биз кўпроқ ахборот ҳазм қиламиз, боз устига, мутолаа ухлашда ҳам ёрдам беради. Агар ҳар куни кечқурун маълум бир вақтда ўқишга киришсангиз, мутолаа ҳам тезда одат тусини олади.

5. Камида учта бобни ўқишга одатланинг. Китобга имконият беринг, унинг учта бобини ўқинг, лекин у сизга ёқмаса, уни охиригача ўқиш учун ўзингизни қийнаманг. Сизга на фойда, на ҳузур келтирадиган нарсани ўқишдан маъни йўқ.