Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, уларни ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга устувор масала сифатида қаралмоқда. Айниқса, уларни олдида турган тўсиқ ва ғовларини бартараф этиш, муаммоларнинг ечимини топишда маҳаллий ҳокимликлар томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда. Буни биргина, Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозаровнинг ҳафтанинг ҳар шанба куни тадбиркорлик субъектлари билан ўтказаётган учрашувлари мисолида кўриш мумкин, дейилади вилоят ҳокимлиги сайтида. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармасида ташкил этилган учрашувга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар гуруҳи таклиф этилди. Учрашув аввалида вилоят ҳокими сўнгги вақтларда юртимизда соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, қабул қилинган қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, ундаги имтиёзларга тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳоким тадбирларкорнинг бирор бир масаласи ижросиз қолиб кетмаслигини таъкидлади. Ҳар бир тадбиркорлик субъекти раҳбари билан долзарб масалалар бўйича суҳбатлашди.

"Бизнинг “GOOD TEA TRADE SERVIS” маъсулияти чекланган жамиятимиз 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, чой маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлашга ихтисослашган, - дейди тадбиркор Собитхон Нўъмонов. - Олдимизда турган энг катта муаммолардир бири ишлаб чиқариш корхонасида ишлаб чиқариш учун ер майдонининг йўқлигида эди. Айнан бугунги вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган учрашувда муаммога ўз ўрнида ечим топилди. Биз бундан хурсандмиз".

Умуман олганда, вилоят ҳокими томонидан шу куннинг ўзида 10 нафар тадбиркор ўз масалалари бўйича фикрлашиб, муаммоларига аниқ жавоб олди. Вилоятда янги лойиҳани тақдим этган тадбиркор Носиров Комилжон шулардан биридир.

"Бугунги кунда хонадонимизда ноёб, парҳезбоп гўшт ҳамда тухум етиштириш мақсадида туяқуш парвариш этиб келмоқдамиз, - дейди тадбиркор. - Албатта, бу қушларни эркин парвариши учун ер майдони талаб этилади. Очиқ, самимий мулоқот жараёнида вилоят ҳокимига 5 гектар ер ажратилиши бўйича мурожаат этган эдим, шу ернинг ўзида тегишли мутасаддиларга кўрсатма берилди".

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Наманган вилоят ҳокими томонидан ўтказилаётган бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлик субъектлари олдида турган муаммоларни зудлик билан бартараф этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.