Каталония полицияси Барселонада уюштирилган теракт ижрочиси Юнес Абу Яъқуб Субиратседа ўлдирилганини тасдиқлади. 

«Биз Субиратседа отиб ташланган шахс Барселонадаги теракт ижрочиси Юнес Абу Яъқуб  бўлганини тасдиқлаймиз», дейилган полициянинг твиттердаги саҳифасида.

Бундан аввалроқ Барселона шаҳридан 50 км масофада жойлашган Субиратсе шаҳарчасида полициячилар «худкуш камари» тақиб олган шахсни отиб ташлагани, бу 17 август кунги теракт ижрочиси бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.

Барселонадаги теракт 17 август куни содир этилди. Террорчи Рамбла кўчасида йўловчилар устига юрди. У 500 метр масофада одамларни босиб юрди, шундан сўнг автомобилдан чиқиб, кўздан яширинди. Кейинроқ у ўткинчи ҳайдовчисини ўлдириб, машинани олиб қочди.

Барселонадаги ушбу ҳужумдан 9 соат ўтиб террорчилар гуруҳи бу шаҳардан 120 км масофада жойлашган Камбрилсда одамларга ҳужум уюштирмоқчи бўлди. Машинада одамлар устига босиб бормоқчи бўлган 5 террорчи полициячилар томонидан отиб ташланди.

Барселона ва Камбрилсдаги ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 кишини ташкил қилди, юздан ортиқ киши жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.