Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Москва мэри Сергей Собянин Россия президенти Владимир Путиннинг эҳтимолий ворислари рейтингига бошчилик қилмоқдалар. "Коммерсант" нашрининг ёзишича, рейтинг “Петербургская политика” жамғармаси томондан тузилган.

Рейтингни тузувчилар сиёсатчиларнинг ютуқлари ва муваффақиятсизликлари, омманинг улардан кутаётган умидлари, фаоллиги, можарога бормаслиги, уларга қарши кампания мавжудлиги ҳамда Путин билан қанчалик кўп учрашишлари каби кўрсаткичларни ҳисобга олганлар. Мутахассисларнинг фикрича, етакчи йигирматаликка кирган одамлар 2018-2024 йилги ҳукмрон элитани шакллантиради. Бунда “ворис” тушунчаси кенг талқин қилиниб, нафақат президент лавозими билан чекланади.

Рейтингдаги ўринларга келсак, унда 21 балл билан 1-ўринни бош вазир Дмитрий Медведев эгаллаган. Тузувчилар фикрича, Медведев Коррупцияга қарши жамғарма томондан унга қарши баҳорда чоп этилган тергов билан боғлиқ “салбий рейтинг динамикасини” енгиб ўтишга муваффақ бўлган. 

Москва мэри Сергей Собянин 19 балл билан 2-ўринни, Тула вилояти губернатори, Путин хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Алексей Дюмин 18-балл билан 3-ўринни эгаллаган.

Етакчи ўнталикка шунингдек Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу, Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко, собиқ молия вазири Алексей Кудрин, президент маъмурияти раҳбари Антон Вайно, унинг ўринбосари Сергей Кириенко, Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ва "Роснефть" раҳбари Игорь Сечин киритилган.

Рейтингдан ҳаттоки Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров (13-ўрин) ва Коррупцияга қарши жамғарма бошлиғи, мухолифатчи Алексей Навальний (18-ўрин) ҳам ўрин олган.