Россия Марказий Осиёдаги позицияларини мустаҳкамламоқда, бу ерда Афғонистондаги қуролли ихтилоф туфайли беқарор вазият сақланиб қолмоқда, деб хабар берди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳарбий маҳкаманинг жума куни бўлиб ўтган коллегия йиғилиши давомида.

"Марказий Осиёдаги вазият беқарор бўлиб қолмоқда. Афғонистонда ҳукумат куч тузилмалари ва “Толибон” жангарилари ўртасида қуролли можаро давом этмоқда", - дея маълум қилди Шойгу.

Унинг таъкидлашича, Марказий ҳарбий округ жавобгарлиги зонасида бўлган Марказий Осиё стратегик йўналиши, бугунги кунда энг муҳимларидан бири бўлиб турибди.

"Ҳарбий округ қўмондонлиги Марказий Осиё давлатлари қуролли кучлари билан қўшма амалий тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда, бу Россиянинг ушбу минтақадаги позициясининг мустаҳкамланишига имкон бермоқда", - дея таъкидлаб ўтган вазир.

Унинг қўшимча қилишича, жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигига Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон қуролли кучлари бўлинмалари билан тезкор ва жанговар тайёргарлик бўйича қўшма тадбирлар режалаштирилган.