Жаҳонда сайёҳлар ўртасида энг оммабоп бўлмаган давлатга Полинезиядаги Тувалу айланди. У Тинч океанида жойлашган мамлакатдир, деб ёзмоқда Daily Mail газетаси.

Нашр Бутунжаҳон туристик ташкилоти маълумотларини тақдим этган, уларга кўра, 2016 йилда Тувалу минг нафар хорижий меҳмонни қабул қилган. Бу йўналишнинг энг ўзига хос жиҳатлари – жиноятчилик даражаси ва террорчилик хавфининг пастлиги. 

Рўйхатда иккинчи ўринни Тинч океанида жойлашган (Микронезия ва Полинезияда) яна бир давлат Кирибати Республикаси эгаллади. 2016 йилда у ерга тўрт минг сайёҳ борган.

“Кучли” учликка Марказий Африкадаги орол давлат Сан-Томе ва Принсипи саккиз минг кишилик натижа билан якун ясаб берди. Тўртинчи ўриндан Буюк Британия таркибига кирувчи Монтсеррат (тўққиз минг турист) жой олди. Рўйхатнинг бешинчи поғонасидан Комор давлати ўрин эгаллади (24 минг сайёҳ).

Рейтинг ўнлигида Жибути (Африка), Сан-Марино (Европа), Шарқий Тимор (Осиё), Лихтенштейн (Европа) ва Сьерра-Леоне (Африка) каби давлатлар ҳам бор .