1. Рангли туш.
Мен рангли тушларимда Ўзбекистонни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида кўраман. Гўёки АҚШ, Франция ёхуд Германияга нисбатан инсон ҳуқуқларини поймол этгани учун санкция эълон қилишини, ёки гегемон давлатлар ёқлаб овоз бераётган БМТ қарорига вето ҳуқуқидан фойдаланиб қарорни тўхтатиб қўйиш кучига эга гегемонликка даъвогар давлатлар қаторида бўлишини орзу қиламан. 

2. Бальзак ҳақиқати.
Бальзакнинг бир ҳақиқати бор: “Эркак қобилияти худди аёлдаги чирой каби – бор йўғи ваъда холос”. Биз ҳақиқатда қобилиятли миллатмиз. Маънавиятимиз ҳам бой, маърифатимиз ҳам юксак, ўтмишимиз ҳам шонли, келажакдан умидимиз ҳам катта. Аммо ҳануз ривожланаётган мамлакатлар қаторидамиз. Нега? Чунки, қобилиятни рўёбга чиқариш учун қобилиятга яраша юрак ва ирода керак. 

3. Муаммони тушуниш.
Мамлакатни юксалтириш – энг аввало муаммоларни тушунишдан бошланади. Ўзбекистонда бугун муаммо жуда ҳам кўп. Ҳал этилаётган, ҳал этилиши лозим бўлган ва ҳал этилмаётганлари ҳам бор. Шукрки бугун биз муаммолар борлигини тан олишни ўргандик. Улар ҳақида гапиришни бошладик. Ана шунинг ўзи миллат учун жуда катта қадам бўлди. Аммо, бу ҳали биринчи қадам. Ўз гуноҳини ич-ичидан тан олган банда Яратганнинг наздида бир поғона даражаси кўтарилганидек, муаммолари борлигини тан олган жамият ҳам юксалишда бир даража илгарилаган бўлади. 

4. Вазият оғир. Жуда ҳам оғир.
Президент Мирзиёев бир неча бор маълум масалаларда сафарбарлик эълон қилди. Ўта таҳликали ва мураккаб вазиятда эканлигимизни таъкидлади. Кўпчилик негадир фақат Ўзбекистонимизда аҳвол шунақа оғир экан, дея тушунди. Аслида сўз дунё ҳамжамиятидаги аҳвол хусусида кетган эди. Албатта, бу ҳамжамиятнинг бир бўлаги бўлган Ўзбекистон ҳам умум ҳолатдан ташқарида эмас. Бугун дунё ҳамжамиятида жуда ҳам оғир вазият ҳукм сурмоқда. Вазиятнинг оғирлиги эса сиёсий муносабатларда асл сиёсий мақсадларнинг ҳамиша ҳам ошкора маълум бўлмаслигида. Кичик бир мисол келтираман. Дунё сиёсий майдонида Қатарга нисбатан биратўла, бир кунда еттита Араб давлати ултиматум эълон қилган ҳолатни олайлик. Ултиматум важлари, сабаблари келтирилди. Улар орасида террорни қўллаш, исломий аҳкомларга зид ҳаракат айбловлари қатори турли сиёсий дипломатик айбловлар ҳам бор. Дунё аҳолисига булар сабаб қилиб кўрсатилди. Ҳамма нарса очиқ-ойдин айтилди гўёки. Аслидачи? Ўқувчининг ёдида бўлса, бу воқеалар “дунёнинг энг кучли давлати” – дунё мамлакатларига демократияни экспорт қилишга одатланган давлат президентининг Саудия Арабистонига ташрифидан кўп ўтмай содир бўлди. Бу ташрифдан сўнг, кутилмаганда, аввал шоҳнинг валиаҳди “алмашди”. Валиаҳд этиб, ўша кучли давлатга кўпроқ мойил бўлган, мудофаа вазири бўлган пайтда Эронга уруш очиш кераклигини таъкидлаб юрган шаҳзода тайинланди. Сауд оиласининг бошқа шаҳзодаси эса навқирон ёшида юрак хуружидан вафот этди. Эски валиаҳд эса уй қамоғига маҳкум этилди. Сўнгра, бир кунда Қатар давлатига ултиматум қўйилди. Четдан кузатган дунё аҳолиси, бир араб давлатига бошқа араб давлатлари “сиёсий важлар” сабаб ултиматум қўйган деб билди. Шундай билдирилди. Аммо асл ҳақиқат яширилди. Ҳақиқатки тушуниксиз ултиматум воқеасининг моҳиятини очиб берувчи: бу воқеалар бошланғич нуқтасида президенти Саудияга келган буюк давлатнинг ташқи қарзи 15 триллион доллардан ошгани ва Қатарнинг эса 10 триллион доллардан ортиқроқ пули бор экани. Зийрак ўқувчимиз учун ортиқча изоҳга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

Бу кичик бир мисол эди холос. Аслида, жаҳонда кечаётган тенденциялар жуда катта муаммоларнинг мавжудлигидан дарак беради. Буни онгли ҳар бир инсон тушуниб, ҳис қилиб турибди. Дунё бўйлаб илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги, армия ва саводлилик масалалари таназзулга учрамоқда. Дунёда туғилиш, ахлоқ, таълим кўрсаткичлари тушиб кетмоқда. Болалар ўлими, фоҳишабозлик, наркомания ўсиб бормоқда. Бунинг сабаблари ҳақида ўйлаган инсон дунёда учинчи жаҳон уруши ҳиди анқиётганини сезади ич-ичидан. Чунки, бугунги дунё урушнинг ноанъанавий усули билан юзлашди. Қайсидир Давлатлар ёки Кучлар ғолиб бўлаяптию, ИНСОНИЯТ МАҒЛУБ БЎЛМОҚДА. Ҳозирги ҳолат истасакда, истамасакда Иккинчи Жаҳон уруши олдидан вужудга келган вазиятга жуда ўхшайди. Ўшанда Вермахтнинг фаоллиги кузатилган бўлса, бугун агрессив информацион қўшинларнинг фаоллиги кучаймоқда. Бугун мазлум ва золим кимлигини ҳақиқат эмас, ОАВ ва ижтимоий тармоқ имкониятларидан ким кўпроқ ҳамда унумлироқ фойдаланётганлиги белгиламоқда. 

Навбатдаги проект: Марказий Осиё...
Мақоламиз таҳлилий руҳда бўлса ҳам, биз бу ерда мамлакатлар номларини келтирмаймиз. Чунки гап ким ёки қайси мамлакат ҳақида кетаётганини зиёли ўқувчи шундоқ ҳам билади.

Маълумки, гегемонликка даъвогар мамлакатлар воситасида дунёни парда ортидан бошқаришга интилаётган кучларнинг Яқин Шарқ проекти ниҳоясига етди. Араб баҳори билан бошланган бу проект сўнггида Яқин Шарқ тамоман вайрон бўлди. Давлатлар вайронага айлантирилди, миллионлар Ватансиз қолди. Асл мақсадга ҳам эришилди... Хўш бўлди тамомми? Шу билан геосиёсий ўйинлар тугадими? Асло йўқ! Шайтони лаин қиёматга қадар инсонни йўлдан урушдан тўхтата олмагани каби, Ҳақ ва Ботил уруши абадий давом этгани каби, энг кучли бўлиш даъвогарлари ҳам тўхтамайдилар. 

Эндиги навбат Марказий Осиёга. Нега?

Биринчидан, дунёдаги энг кучли уч гегемон давлатлар манфаатлари кесишадиган нуқта Марказий Осиё. Иккинчидан, муқобил энергетика ва биотехнология ривожланиб боргани сайин, нефть ва газнинг энергетик сиёсатдаги қиймати, аҳамияти аста секин озаймоқда. Олтин, уран ва ториумнинг қиймати ва аҳамияти ошмоқда. Ҳозирча ториум фақат Туркия тупроқларида кўплиги маълум бўлсада, олтин ва уранга бой тупроқлар Марказий Осиёда. Учинчидан, Ироқ - кимёвий қуролни йўқ қилиш баҳонасида, Ливия - диктаторликни йўқ қилиш баҳонасида, Сурия - терроризмни молиявий қўллаш айблови ва “мазлум мусулмон шиа”ларни “зулмдан озод этиш” баҳонасида хонавайрон қилинди. Яъни ҳар бир вайронгарчилик қайсидир “эзгу” мақсад йўлида амалга оширилиб келинмоқда. Юқорида мисол келтирганимиз каби асл сабаблар эса бошқа.Марказий Осиё минтақасида эса бундай “эзгулик”ни амалга оширишга замин ва баҳона тайёр – Афғонистон.

Навбат айнан Марказий Осиё проектига келганининг исботларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Мақсадимиз бу ҳақиқатни қайта исбот қилиш эмас. Мақсадимиз дунё сиёсий саҳнасидаги вужудга келган бундай таҳликали ҳолатда миллий давлатчиликни сақлаб қолиш баробарида, мамлакатимизда тинчликни ва иқтисодий ривожлантиришни сақлаб қолиш учун нима қилмоқ керак деган саволга жавоб топиш. 

Қалбни асраш керак!
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги. Бу минтақадаги сиёсий мувозанатни сақлашдаги асосий таянч нуқта Ўзбекистон. Умум эътироф этилган ва исбот талаб бўлмаган ҳақиқат бу. Марказий Осиё минтақасида нотинчлик истаган кучлар (ким бўлишидан қатъи назар – террористик ташкилотларми, уларни вужудга келтирган турли давлатлар махсус хизматларими ёки парда ортидаги кучларми, фарқи йўқ) энг аввало бизнинг мамлакатда нотинчлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кучли иқтисодга эга бўлмаган давлат бўлсада (фақат ҳозирча!) у барибир геостратегик жойлашувига кўра геосиёсатда биринчи ўринни эгаллайди. Айниқса, муҳим бир нуқтага эътибор қаратмоқчимиз: нега Ўзбекистон дунё бузғунчи кучлари, жумладан террористик ташкилотлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга? Табиий бойликлар сабабгина эмас! Сабаби Ислом оламида (!) Ислом дини учун муқаддас саналган (!) биратўла икки шаҳарга эгалик қиладиган иккитагина мамлакат бор: бири Макка ва Мадина жойлашган Саудия Арабистони, иккинчиси Бухоро ва Самарқанд жойлашган Ўзбекистон.    

Қалбни қандай асраймиз? 
Бундай таҳликали ва мураккаб вазиятда мамлакатда барқарорликни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун қилиниши керак бўлган иккита асосий ва бир-бири билан узвий боғлиқ вазифа бор.

Биринчиси, ривожланган мамлакатлар инвестицияларини кўпроқ ҳажмда ва қисқа муддатда Ўзбекистонга жалб этиш керак. Чунки, ривожланган мамлакатлар ўзлари қилган инвестицияни ҳимоя қилиш учун ўша мамлакатда барқарорликни сақлашга ўз ҳиссаларини қўшишга мажбур бўлишади. 
Иккинчиси, кучли, янги ички ғоявий сиёсат керак. Бусиз давлатнинг ички хавфсизлигини таъминлаш имконсиз.

Танлов: Ғамсиз ўйинчоқ ёки ақлли Ўйинчи
Бекорга дунё сиёсатини шахмат тахтасига ўхшатишмайди. Бугун биз оғир танлов олдида турибмиз. Миллат сифатида ёки минтақадаги энг кучли ўйинчи мақомини эгаллаймиз, ёки кимларнингдир ўйинчоғига. Ўйинчоқ бўлишдан осони йўқ. Изтироб чекилмайди, ҳаракат қилинмайди, тушуниш керакмас, ҳатто ўйлаш ҳам керакмас. Аммо ўйинчи бўлиш оғир: ўйлаш керак, изтироб чекиш керак, ҳаракат қилиш керак. Буларнинг барчасидан ҳеч қачон чарчамаслик керак. Тинимсиз ҳаракат керак. Оддий тилда айтсак: ёки ғамсиз қул, аммо ҚУЛ, ёки изтиробли ҲУР бўлишни танлашимиз керак. Токи танлов боракан, биз ҲУРмиз. Агар ҚУЛ бўлсак бизга ҳеч ким танлов ҳуқуқини ҳам бермайди. Фикримизни сўрамайди ҳам.

Келажакнинг чегараси
Агар биз онгли миллат сифатида табиийки ҲУРликни танлар эканмиз, биз бу оғир йўл эканлигини англашимиз, олдимиздаги машаққатларга аввал руҳан тайёр бўлишимиз керак. Биз ҳаммамиз, оддий инсон сифатида ҳам, бутун бошли миллат сифатида ҳам буюк келажак ҳақида орзу қиламиз тўғрими? Аммо, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз биз қачон буюк келажакка қадам қўямиз? Келажакнинг бошланиш чегараси қаерда? 

Биз орзу қилаётган келажакнинг бошланиш чегараси бугун ва ҳозир эканлигини тушунаяпмизми? Бу мақолани ўқиётганингиз мана шу секундлар сайин келажакка кириб келаётганимизни билаяпмизми? Эртага камолини кўришни орзу қилганимиз фарзандларимиз бўлиши учун, умидларнинг эртанги рўёби учун, бугун тўлғоқ азобини кўришимиз кераклилигини, бугундан ҳаракат қилишимиз кераклилигини англаяпмизми? Кўпчилик англар балки. Аммо бугунги изтиробсиз эртанги буюкликка эришиб бўлмаслигини ҳис қилаяпмизми? Айтмоқчи бўлганим, буюк келажак орзу қилаётганимиз ҳолда бугунги машаққатли меҳнатга тайёрмизми? 

Буюк келажак буюк миллатларгагина насиб этади. Миллат сифатида буюклик эса, Қонунлар устувор бўлган давлатларда вужудга келади. Қонунлар сўзсиз ишлаган жамиятларда буюк миллатлар етишади. Қўрқувлари, фобиялари йўқ миллатгина буюк бўлади. Эътиқодли миллатгина буюк бўлади. Агар биз бунга фақатгина умум миллат сифатидагина эмас, ҳар биримиз алоҳида шахс сифатида тайёр бўлсак, аввалги мақолаларимда таъкидлаганимдек ёлғонлардан воз кечиш билан бирга тафаккуримизни кенгайтиришимиз, муаммоларга ёндашувимизни ўзгартиришимиз керак.  

Компасга тегманг!
Раҳматли Чингиз Айтматов ва Икеда суҳбатида бир гап айтилган эди: “Ҳозирги тараққиёт даври - чексиз уммон бўлса, жамият унда сузиб кетаётган бир кема. Эътиқод омили - худди компас каби чексиз уммонда сузиб кетаётган кемани адашишдан сақлайди. Манзилига талофатсиз етишини таъминлайди. Дунёга назар солинг: диний байрамида яҳудий худони танисин дея боласини синагогга олиб боради, христиан черковга, буддист ибодатхонага. Ҳатто мамлакатимизда ҳам черков ёки синагогга уларнинг диний байрамларида борсангиз ота-оналар чақалоғигача олиб борганини кўриб қувнайсиз. Озод юртда ана шунақа бўладида! Тинч тотув ва Қонун устувор мамлакатда ҳамманинг диний эркинлиги таъминланадида! 

Аммо аҳолисининг аксар қисми мусулмон бўлган мамлакатимизда нега Рамазон ҳайити ёхуд Қурбон ҳайити намозларига гўдак болангиз билан борсангиз масжидга киришга рухсат беришмайди? Нега мусулмон сифатида болам Худони танисин, унга ибодат қилсин деб Ҳайит намозига олиб бориш имконсиз?! Мен ўз юртимда юртдошим, ватандошим - насроний, яҳудий ёки бошқа дин вакили бўлган фуқаро каби дин эркинлигидан, эътиқод эркинлигидан нега бир хилда фойдалана олмаслигим керак?! (мақола чиққанининг эртасигаёқ менга раддия беришга тушиб кетиши аниқ бўлган диний қўмита ва диний идора вакилларидан олдиндан илтимос қиламан, мен бу саволларни айнан сиздан сўраётганим йўқ, диний ёки миллатлараро низо ҳам чиқармоқчи эмасман, шунинг учун менга қимматли вақтингизни сарф қилиб раддия ёзиб ўтирманглар! Ундан кўра вақтингизни охирги пайтда фейсбук тармоғида радикал диний қараш тарғиботчиларининг фитналарига, “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳадисини ёлғонга чиқариб, муқаддас тупроғимизни даҳрийлар макони деб атаётган жоҳиллар билан курашга сарфланг, фойдалироқ ва савоблироқ бўлади.

Жамиятдаги президент ислоҳотларидан бехабар қолаётган фобиячилардан ҳам илтимос: менга радикал исломчи тамғасини босишга ҳам уринманглар, чунки, биринчидан мен насроний черкови ва яҳудий синагоги руҳонийлари билан дўстона муносабатда эканлигимни, уларни диний байрамлари билан табриклашимни ва улар ҳам мусулмон диний байрамлари билан мени табриклашини дўстларимнинг, яқинларимнинг ҳаммаси билади). Саволимдан мақсад диний масалани эмас, Қонун, Конституциявий ҳуқуқ нега бу соҳада тўлиқ ишламаётганлигини аниқлаштиришдир. Шахсан мен ўқувчилар дарсни ташлаб намозга югуриб кетишига қаршиман! Илм ибодатдан афзал!

Аммо эътиқод жамият компаси экан, у компас билан ўйнамаслик керак!
Гарчи мақолага тўғридан-тўғри алоқаси йўқдир, аммо, ўрни келгани учун бир нарсани ҳам айтиб ўтишимиз керак. Бугун дунё мусулмон умматининг аҳволига бир назар ташланг: уламолар авом олдида масала талашган, мусулмон мусулмонни диний қарашлари учун бўғизлаган, бир-бири билан таҳоратда оғиз тўрт марта чайилса нима бўлади, мубоҳми мубоҳ эмасми масалалари, бизнинг диний соҳа вакилларимиз кўп хотинлилик жоизми йўқми масалаларини кун тартибига келтирган вақтда, бошқа дин вакиллари қуёшга зонт жўнатмоқда, инсонга манфаат келтирадиган технологик янгиликлар қилмоқда, инсон касаллигига дорилар яратишмоқда, атмосферани кирлантирмаслик муаммоларини ўрганишмоқда... Бизда эса... ҳажга бориш учун пора беришни гуноҳ билмайдиган, кеча Самарқандда бўлганидек Каъба зиёратига 75 грамм опиум билан қўлга тушган “ҳожи ака”лар пайдо бўлмоқда. Таассуф.

Президентни тушунинг! Унга дастак бўлишимиз керак!
Мен юқорида бекорга дунё сиёсат майдонидаги ҳолат таҳликали эканига мисоллар келтирмадим. Эътиборингизни қаратмоқчи бўлган нуқтам шуки, дунё ҳамжамиятидаги шундай оғир бир вазиятда ҳам халқаро сиёсий майдонда сиёсат юритиш, ҳам мамлакат ичида унинг муаммоларини ҳал қилиш, умуман Ўзбекистондек геостратегик муҳим нуқтада жойлашган мамлакатга раҳбарлик қилиш осон эмас. Бугун президентга жуда оғир. Қандай таҳликали бир даврда, Марказий Осиё юраги саналмиш Ўзбекистонга раҳбарлик қилиш қанчалар оғир ва масъулиятли эканлигини ҳис қилинг. Шунга қарамай президент тиним билмаяпти. Ҳали у вилоятга, ҳали бу туманга, ҳали бу давлатга, ҳали у давлатга тинимсиз бориб келаяпти. Нега? Президент ўйнагани бормайди чет элга. Вилоятларга шунчаки айлангани чиқмайди. Мана шу давлатни кучли қилиш учун, миллатни хавфлардан асраш учун соатлаб асаб чарчатар муҳокамалар ўтказади, оғир қарорлар қабул қилади. Бу сўздан мақсадимиз президентни мақтаб кўкларга кўтариб маддоҳлик қилиш эмас. Балки президент келажак гарови эканлигини, унга ҳам осон эмаслигини, унга дастак, суянч кераклигини англатиш! Биз президентимизни тўла қўллаб-қувватлаймиз, ишонамиз унга, уни яхши кўрамиз деб ҳаммадан баландроқ бақирадиган, оғиз йиртадиганларга айтмоқчи бўлганимиз шуки – бўш идишдан баланд овоз чиқади. Президентга бугун қуруқ мақтовчилар эмас, айтилган ишнигина қиладиганлар эмас, ўз ишини индамай билиб-билиб қиладиганлар, ўз ташвишларидан ташқари кечаси давлат тақдирини ўйлаб уйқуси қочиб, сигарет тутатиб (бу тамаки маҳсулоти рекламаси ёки чекишга чақириқ эмас!) мушоҳада қиладиганлар, чин маънода изтироб чекадиган ва конструктив ечимлар топадиганлар керак. 

Болтани ташланг!
Бундай инсонлар нега кераклигини биласизми? Президент қабул қилган қайсидир “Қарорнинг сўзсиз ижросини таъминлаш” каби юксак иборалар жаранглаши учун эмас, бу – салкам уч ярим минг йиллик қадим давлатнинг боқий туриши учун, миллатнинг қони тўкилмаслиги учун, бу юртда тинчлик ҳукмронлик қилиши учун, бу мамлакат тараққий этиши учун, мен кабилар орзу қилгандек БМТ Хавфсизлик Кенгаши турида Ўзбекистон ўтириши учун керак. 

Шу ўринда муҳим икки гап бор. 
Биринчиси, Хитой яқин тарихида чумчуқлар воқеасини бир эсга олайлик. Чумчуқлардан зарар сабаб уларга қарши кураш эълон қилинган эди. Натижада, бу масалага ақл билан эмас, болта билан ёндалишиб чумчуқлар қириб ташланган. Натижада бир неча йил давомида Хитой қишлоқ хўжалиги чигирткалар офатидан бир неча йил кетма-кет катта йўқотишларга учради. Кейин ҳисоб қилинганда, чумчуқлардан кўрилган зарардан кўра чигирткалар етказган зарар бир неча ўн баробар кўплиги аниқланди.

Иккинчиси, раҳматли Чингиз Айтматов ва Будённийнинг илк учрашуви ёдга тушади. Биринчи маротаба ЦК коридорларида дуч келиб қолган Айтматов ва Будённий танишишади. Будённий сўрайди кимсан дея. Мен Қирғиз ёзувчиси Айтматовман дея жавоб беради Чингиз оға. Шунда Будённий ҳа мен у ерларни яхши биламан, сизларнинг кўпларингизни қирганман дея керилади... Бу хотираларни Чингиз оға оғир бир изтироб билан ёзган эди. 

Мақсадимиз камида G-10 – энг иқтисоди ривожланган 10таликка кириш! Бунинг учун эса, салла деса каллани олиб келишдан, ўринсиз мақтовдан, масъулиятсизликдан тийилишимиз, энг асосийси бир муаммони ҳал қилишда болта билан эмас ақл билан иш кўришни ўрганишимиз керак. Бизга Будённийлар эмас, Айтматовлар керак!

Саид Абдулазиз Юсупов
Сангтарош уста,
(самарқандлик сангтарош уста Мўмин Камолов шогирди).
P.S. Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўришни орзу қиламан.

Kun.uz тузатиши

*БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бешта (АҚШ, Франция, Россия, Хитой ва Буюк Британия) аъзоларигина вето ҳуқуқига эга. 

*2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, АҚШнинг ташқи давлат қарзи 18,752 миллиард АҚШ долларини, Қатарнинг олтин-валюта захираси эса 340 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.