Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан 2017 йил 15 августда имзоланган янги қарорга кўра, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб сариёғ, соя ва кунгабоқар ёғи, уруғлик маҳсулотлар (картошка, буғдой, маккажўхори, жавдари, меслин, арпа, сули, гречка, соя фасулялари ва бошқ.), крупа, шакарқамиш шакари, какао, пишлоқлар, фармацевтикада зарур бўлган маҳсулот, ҳайвон ва парранда боқиш учун ем турларига нисбатан ноль ставкада бож тўлови жорий этилади. Бу ҳақда KUN.UZ мухбирига Ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.

Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган гўшт ва ярим тайёр гўшт маҳсулотлари, парранда ёғи, буғдой уни ва ҳайвонларни боқиш учун ем маҳсулотлари белгиланган акциз солиқдан озод этилган.

Қарорда таъкидланганидек, қуйидаги алоҳида турдаги маҳсулотларга нисбатан бож тўлов ставкаси пасайтирилди:

- гўшт маҳсулотлари олинувчи катта шохдор жониворлар, парранда ёғи, ярим тайёр гўшт маҳсулотлари, кофе, буғдой уни, шакарқамиш шакари;

- кунгабоқар ёғи, кофе ва шакар маҳсулотларига белгиланган акциз солиғи.

Мазкур қарорда кўзда тутилган асосий мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни истеъмол бозорида рақобат қилишга, харидорлар садоқатига эришиш учун юқори сифатга ҳаракат қилишга рағбатлантиради. Шунингдек, фирибгарлик йўли билан нархларнинг сунъий ўзгариши, чайқовчилик фаолияти орқали сунъий товар айланмасининг ҳажмига таъсир ўтказишнинг олди олинади.