Навоий вилоятида жорий йилнинг 18-19 август кунлари Республика идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан халқ билан мулоқот ўтказилди. Уларнинг дастури “Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупцияга қарши кураш муаммолари”га қаратилди.

Халқ билан ўтказилган учрашувларда Адлия вазири Р.Давлетов, вазир ўринбосари А.Ташкулов, шунингдек,  вазирлик бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари А.Муҳаммадиев, Н.Муҳаммадиев, А.Мадаминов ва Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳроновлар иштирокида Зарафшон ва Навоий шаҳарлари, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларидан аҳоли қатнашган ҳолда сайёр қабуллар ўтказилди.

Учрашувларда 650 дан ортиқ аҳоли қатнашиб, қатнашчилардан жами 185 та ёзма мурожаат қабул қилинди ва аксарият фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул қилинган мурожаатларнинг 79 таси ишга жойлашиш, 25 таси уй-жой ва ер ажратиш, 22 таси банк кредити, 13 таси оила, 7 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва судлар томонидан қабул қилинган қарорлардан норозилик, 7 таси паспорт-виза масаласи, 6 таси соғлиқни сақлаш, 6 таси электр ва газ таъминоти, 5 таси молия, солиқ, маиший ва маҳалла (йўл қурилиши), 4 таси моддий ёрдам олиш, 4 таси таълим соҳаси, 4 таси тадбиркорлик фаолияти, 2 таси қишлоқ хўжалиги ва 1 таси объект қуриш, кўчириш ва реконструкция масалалари билан боғлиқ шикоятлардан иборат бўлди.

Ўтказилган учрашувлар жараёнида 13 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Жумладан, Навоий шаҳрида яшовчи Л.Хидированинг ногирон фарзанди Республика ногиронларни реабилитация қилиш марказига йўлланма билан таъминланди, Навбаҳор туманидаги 3 нафар пенсионернинг берилмасдан келинаётган нафақа пуллари тўлатиб берилди, 4 фуқаронинг ишга жойлаштирилиши таъминланди. Қолган барча мурожаатлар назоратга олиниб, ижрога қаратилди.

Учрашувлар жараёнида коррупция ва унга олиб келувчи асосий шарт-шароитларни бартараф этиш, унга қарши кураш ва олдини олишга қаратилган тушунтиришлар олиб борилиб, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларидан келгусида амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар олинди.