Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги собиқ тўқимачилик корхонаси ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасида бугунги кунда 301 та турли йўналишдаги корхона фаолият кўрсатаяпти. Улардан 82 таси енгил саноат, 67 таси кимё саноати йўналишларида иш олиб бораётган бўлса, озиқ-овқат таъминоти саноати, ёғочни қайта ишлаш, қоғоз, металл конструкциялар ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, машинасозлик ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, бошқа соҳаларда фаолият юриувчи тадбиркорлик субъектларида 7 мингга яқин киши иш билан банд. 

Тошкент шаҳри “Бинолардан фойдаланиш департаменти” давлат унитар корхонаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида “Яккасарой КСЗни бошқариш дирекцияси” ДУК раҳбари Рустам Нуралиев шу ҳақда маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, мазкур КСЗда фаолият юритиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёзлар билан бирга талаблар ҳам қўйилади. Яъни улар белгиланган муддат мобайнида маълум миқдорда сармоя киритади ва қўшимча иш ўринлари яратади. 

Зонада фаолият юритувчи тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида Дирекция ҳузурида юридик хизмат ташкил этилган. Бундан ташқари, темир йўл шохобчасида хизмат кўрсатиш сақлаб қолинган. Шунингдек, тиббий ёрдам хизмати ҳам мавжуд бўлиб, иш вақтида соғлиғи билан муаммога дуч келган ишчи-хизматчилар, ходимларга биринчи тиббий ёрдам айни шу ерда кўрсатиш йўлга қўйилган. Тадбиркорларнинг шартномаларини тузишда ҳам қулайлик барпо этилган, яъни нотариал идора фаолият кўрсатмоқда. 

Шу билан бирга, Нуралиевнинг қайд этишича, КСЗда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига сифатли банк хизматларини таклиф этиш, оғирини енгил қилиш бўйича иш олиб борилаяти.  У ерда “Асакабанк”нинг кичик шохобчаси очилган. Нуралиевнинг фикрича, Яккасарой КСЗ тўлиқ қувват билан фаолият юритишни бошласа, у ерда 10 мингга яқин киши иш билан таъминланади.

KUN.UZ мухбирининг хизмат кўрсатувчи банклар ўртасида рақобатни ривожлантириш ва монополияга йўл қўймаслик мақсадида қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган, деган саволига “Бинолардан фойдаланиш департаменти” ДУК бошлиғи ўринбосари Бадриддин Файзуллаев ойдинлик киритди. 

Унинг айтишича, бу масалада Президентнинг 2017 йил 18 майдаги ПҚ-2973 сонли қарорида ҳам ечимлар кўзда тутилган. Шу муносабат билан ҳозирги кунда Яккасарой КСЗда “Ипотекабанк”нинг Яккасарой тумани бўлими ва “Ипак йўли” банкининг минибанкини очиш режалаштирилган.