АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Малакка бўғозида “Жон Маккейн" эсминецининг савдо кемаси билан тўқнашуви сабаби сифатида қўпорувчилик ёки кибераралашув версиясини ҳам ўрганиб чиқади, деб маълум қилди АҚШнинг ҳарбий-денгиз операциялари қўмондони Жон Ричардсон.

“Кибераралашув ёки қўпорувчилик бўлгани аломатлари ҳозирча йўқ. Бироқ биз барча тахминларни кўриб чиқамиз”, деб ёзган Ричардсон твиттерда.

Бундан ташқари, Ричардсон 21 августда эсминец ва кема тўқнашуви атайлаб қилинганининг аломатлари йўқлигини айтган.

АҚШ эсминеци Сингапур портига кетаётганда 21 августда тонгда Alnic MC савдо кемаси билан тўқнашиб кетган. Тўқнашув оқибатида 10 денгизчи йўқолиб қолган ва 5 нафари жароҳат олган.

Шикастланган эсминец Сингапурнинг “Чанги” базасига етиб келган. Денгизчиларни қидириш-қутқариш операциясида ҳарбий флот ва Сингапур соҳилбўйи қўриқлаш хизмати, АҚШ ҲДКнинг “Америка” десант кемасида жойлашган вертолёт ва конвертопланлар иштирок этмоқда.

Ушбу воқеа 2017 йилда АҚШ ҳарбий кемалари билан содир бўлган 4-воқеа бўлди.