АҚШнинг Огайо штатида судья ўз ҳаётини ҳимоя қилиб, унга ҳужум қилган жиноятчини отиб ташлади. Бу ҳақда Washington Post нашри хабар бермоқда

Воқеа 21 августда Стьюбенвилль шаҳрида юз берган. Жиноятчи қонун ҳимоячисини суд биносида кутиб турган. Судья Жозеф Браззиз унга яқинлашганда, жиноятчи унга ўқ узган. Бироқ судья ўзини йўқотиб қўймай, эпчиллик билан ёнидан тўппонча чиқариб, жавоб ўқи узган. Воқеа жойига отишма овозларини эшитган полициячи ёрдамга етиб келган. Оқибатда судья жиноятчини отиб ўлдирган, ўзи эса яраланган ва шифохонага етказилган. Таъкидланишича, судьянинг ҳаёти хавф остида эмас.

Жиноятчи аввал бир неча марта қонунни бузган афроамерикалик Натаниэль Ричмонд исмли шахс бўлиб чиққан. Судья Браззиз ўз вақтида унинг бир неча ишини кўриб чиққан. Полиция ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб бормоқда: ҳужум сабаби аниқлаштирилмоқда, полициячи жиноятчи билан воқеа жойига келган иккинчи кишини сўроқ қилмоқда. 

Маҳаллий шерифнинг журналистларга айтишича, судья ов ва спорт билан жиддий тарзда шуғулланади. Айнан шериф бир неча йил аввал судьяга “ён-атрофда телбалар” кўплигини айтиб, уни қурол олиб юришга кўндира олган.