Латвиянинг Dartz компанияси томонидан ишлаб чиқилган «Қора тимсоҳ» — Жеймс Бонд ҳақидаги янги кинокартинада пайдо бўлади. Бу ҳақда фирма асосчиси ва раҳбари Леонард Янкелович CarBuzz порталига маълум қилди ва Facebook саҳифасида хабар қолдирди. Шу билан бирга, у янги суратларни ҳам жойлаштирди. 

Янкеловичнинг сўзларига кўра, бу автомобиль жосус Бонд ҳақидаги 25-фильмнинг ёвуз қаҳрамонининг машинаси бўлади. Эътиборли жиҳати, бу Dartz фирмасига билдирилган биринчи ишонч эмас. Унинг йўлтанламаси Пирс Броснан бош қаҳрамон бўлган «Ноябрь одами» фильмида ва Саша Барон Коэннинг «Диктатор» картинасида қатнашган. 

Dartz компаниясининг янги модели Mercedes-AMG GLS 63 негизида барпо этилади. Унга 5.5 л, икки турбинали V8 мотор қўйилади. Унинг кучи 585 от кучига тенг, аммо харидорларга 760, 850, 1100 ва 1600 от кучига эга.

«Қора тимсоҳ» кузови кевлар ва углепластикдан ясалади, қўшимча ҳақ эвазига титан ва кевлардан ясалган зирхли намунасини буюртма қилиш мумкин. 

Йўлтанламаснинг яна бир ўзига хослиги унинг салони тимсоҳ ва скат чарми билан жилоланади. Бундан ташқари, олтин ва платина билан ишлов берилган тугмали рулга эга бўлади. Шунингдек, 292 дона олмос ва 2та рубинли фирма тимсоли ҳам жойланади. 

Автомобиль 2017 йил июлида Gumball 3000 пойгаси доирасида намойиш этилган. Ўшанда, Янкелович бу прототип экани, сотиладиган модель эмаслигини айтганди. Нима бўлгандаям, суратларда унинг фарқи кўзга ташланмайди.