Хитой томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг сўнгги резолюциясига мувофиқ. Шимолий Кореяга нисбатан киритилган янги чеклов чоралари Пхеньянга қимматга тушади, бироқ унинг ядро дастурини ривожлантириш бўйича амбицияларини тўхтатмайди, деб ёзмоқда South China Morning Post.

Хитой 5 сентябрдан бошлаб КХДРдан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2371-сонли резолюцияси доирасидаги чеклов чораларига тушган қатор маҳсулотларни қабул қилиб олишни тўхтатади. Шимолий Кореядан кўмир, темир, темир рудаси, қўрғошин, қўрғошин рудаси ва денгиз маҳсулотлари импортига тақиқ расман 15 августдан куч кирди.

Нашр келтирган статистикага кўра, Шимолий Корея ўтган йили Хитойга умумий қиймати 1,5 млрд доллар бўлган кўмир, темир рудаси ва денгиз маҳсулотларини олиб кирган. 2017 йилнинг биринчи ярмида Пхеньян ушбу маҳсулотларнинг Хитойга экспорти орқали 439 млн доллардан кўпроқ маблағ ишлаб олди.

Нашрга ўз фикрини билдирган экспертларнинг таъкидлашича, янги чекловлар КХДР ҳарбий технологиялари ва ядровий дастурини ривожлантиришнинг молиявий имкониятларига салбий таъсир кўрсатса-да, бутунлай тўхтата олмайди. 

"Санкциялар Пхеньяннинг кўпроқ пул ишлаб олиш имкониятига салбий таъсир ўтказади, сабаби эндиликда Хитой томонидан ўрнатилган тақиққа денгиз маҳсулотлари каби ностратегик товарлар ҳам кирди", - дея ҳисоблайди Фудань университетининг Корея ярим ороли бўйича эксперти Цай Цзянь.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, “Ким Чен Иннинг асосий миллий манфаатлари – миллий хавфсизлик ва режимнинг барқарорлигидир. У буларни Шимолий Корея экспорти ташқи кучлар таъсиридан қанчалик жабр кўрмасин, барибир таҳдидга қўймайди”.

Цзилинь университетидан бўлган эксперт Сунь Синцзенинг таъкидлашича, экспорт орқали олинган маблағларнинг катта қисми КХДР ҳарбий эҳтиёжлари ва мамлакатдаги нуфузли оилалар чўнтагига кетади.

"КХДР етакчиси Хитойнинг чеклов чораларидан сўнг босимни ҳис этади... Эҳтимол, у халқаро ҳамжамиятдан келаётган хатарни ҳам сезади, бироқ бу уни фақатгина ядро дастурини янада ривожлантиришга ундайди, сабаби бу режимни сақлаб қолишни таъминлаш бўйича ундаги ягона восита", - дея маълум қилди хитойлик эксперт.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 5 август куни КХДРга қарши санкцияларни кучайтирувчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Резолюция КХДРдан темир, темир рудаси, қўрғошин, кўмир ва денгиз маҳсулотлари импортига тақиқни ҳам назарда тутади. Шунингдек, КХДР Ташқи савдо банки ҳисоблари музлатилади, БМТ резолюциясини бузган Шимолий Корея денгиз кемаларига эса барча давлатларнинг портларига кириш ман этилади. Пхеньяннинг ракета ҳамда ядро дастурлари билан боғлиқ бўлган шахсларга қарши янги санкциялар кўзда тутилган.