Фарғона политехника институти олимлари вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида «Фарғонаазот» АЖ, Марғилон трактор таъмирлаш корхонаси ҳамда «Марғилон темирчи» МЧЖ билан биргаликда илмий-тадқиқот ва тажриба-синов ишларини олиб бормоқда, деб хабар берди ЎзА.

«Тажриба-синов ишлари сой ва каналларнинг сув оқими табиий шароити ва кинетик энергиясидан фойдаланиб ишловчи оддий, арзон ва қулай, автоматлаштирилган автоном микроГЕСлар яратишга қаратилган. Бу борада вилоятнинг сув хўжалиги, электр тармоқлари ва Фарғона механика заводи мутахассислари билан биргаликда Микро-гидроэлектростанциялар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш юзасидан «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Биринчи босқичда Катта Фарғона канали, Жанубий Фарғона канали, Андижон каналларидаги сув оқимининг талаб қилинган тезлиги, миқдори, баландлик босими, истеъмолчилар имкониятидан келиб чиқиб ўртача қуввати 50 кВт. бўлган 230 микроГЕС қуриш мумкинлиги аниқланди. Жорий йилнинг ўтган даврида Фарғона шаҳридан оқиб ўтувчи Марғилонсойда ишга туширилган 2 микроГЕС соатига 40-50 кВт. энергия ишлаб чиқармоқда. Айни пайтда бундай қурилмаларни Олтиариқ туманида хонадонлар учун ҳам қўллаш устида иш олиб борилмоқда. Вилоятда 2017-2018 йилларда 200 дан ортиқ микроГЕС ишга туширилиши режалаштирилмоқда», деган Фарғона политехника институти профессори, техника фанлари доктори Сирожиддин Эргашев.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг Фарғона механика заводи билан кооперация асосида микроГЕСнинг асосий қурилмалари – гидроагрегат, редуктор, генератор ва автоматик бошқарув тармоқларини ишлаб чиқариш бўйича қуввати таҳлил қилиниб, ҳар бир йўналиш учун ишлаб чиқарувчилар белгиланди. Ҳамкорликнинг дастлабки самараси сифатида Фарғона механика заводида институт олимлари томонидан микроГЕС гидроагрегатининг 50 кВт.дан 300 кВт.гача бўлган бир неча вариантли лойиҳалари тайёрланиб, ишлаб чиқаришга топширилди.

Лойиҳа муаллифларидан бири, ёш олим Сардор Юсуповнинг таъкидлашича, микроГЕСларни ишлаб чиқаришда керак бўладиган генераторлар ҳозирча Хитой ёки Россиядан келтирилмоқда. Агар ушбу муҳим воситани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилса, таннархнинг икки баробар арзонлашишига эришилади, янги иш ўринлари яратилади. Шу мақсадда институт илмий лабораторияларида ўзгармас ток генераторидаги доимий токни ўзгарувчан токка айлантириш йўллари, микроГЕСнинг марказий электр тармоқларига уланиш схемалари, автоматик бошқариш тизимлари устида изланишлар олиб борилмоқда.

Институт олимлари Олтиариқ туманидаги Маида изол инвест корхонаси мутахассислари билан бирга, микроГЕСлар учун доимий магнитли замонавий инновацион генераторлар, автоматик бошқариш тизимлари, ионно-литийли ва водородли аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи инновация корхонасини ташкил этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бормоқда.