Финляндиядаги Эхтяри ёввойи табиат боғи ноодатий лавозимга ишчи қидирмоқда. Таъкидланишича, ҳайвонот боғига пандаларга қаровчи одам керак. Йил охирида 2 та панда Хитойдан Финляндияга келтирилади ва уларга “энага” керак бўлади.

Ҳайвонот боғининг интернетдаги саҳифасида таърифланича, янги ишчи “мустақил ва қийинчиликларга тайёр бўлиши” керак. Номзоддан ҳайвонлар билан ишлаш малакаси, эпчиллик, гуруҳда ишлай олиш, фин ва инглиз тилларини билиш талаб қилинмоқда. Бунда инглиз тилини билиш пандаларнинг аҳволи ҳақида Хитой томони билан маълумот алмашиш учун керак бўлади.

Маълум қилинишича, ишчи биринчи 6 ой фақат бўлғуси иши билан  танишади ва пандаларга қандай қараш кераклиги, уларнинг эҳтиёжлари, одатлари ва уларга ветеринар ёрдам кўрсатишни ўрганиш учун бир қисм вақтини Хитойда ўтказади.