Элмурод Норбўтаевнинг уйига “газчи”лар келди. Айтишларича, қарздорлик 2 млн. сўмдан ошибди. Ана-мана дегунча, уйга уланган труба тармоқдан узиб ташланди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Буёғи рўзғорчилик, табиий газнинг ўрни бир кун ўтар-ўтмас билинди. Аёли ҳам “боринг, қарзингизни тўласангиз тўланг! Бўлмаса илтимос қилиб, ёқтириб келинг”, деб бошини қотирди. 

Элмурод ўзи билан бир сўм олмасдан, таваккал қилиб, газ идорасига йўл олди.

-  Қарзингиз, мана 2 млн. 400 минг сўм – деди уни кутиб олган Аброр Тўлиев.

-  Йўғ-е, бунчаликмасдир?! Яна бир кўринг, - унга илтижоли боқди Элмурод.

Унинг дарди вазиятни тушунтириб, газни улатиб олиш эди. Аброрнинг нияти эса бутунлай бошқа – бир нима ундириш.

Хуллас, кетмасдан тураверган Элмуродга Аброр йўлини кўрсатди. Аниқроғи, 400 доллар эвазига барчасини қойил қилишини айтди.

Элмурод бироз соддалигига борди ва айтилган пулни қарз-ҳавола қилиб етказди. Аброр эса айтганидек газни улаб берди. Бироқ, Элмуроднинг қувончи узоққа чўзилмади. Яна газчилар келиб, “қарзингиз 2 млн. 800 мингга етибди, узмасликнинг имкони йўқ”, дейишди-да, узишди. Аброр берган маълумотнома иш бермади.

Фиғони фалакка чиққан Элмурод оёғини қўлига олиб, газ идорасига югурди.

Аброр ҳеч нарсани тан олмади. Элмурод бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди.

Тергов давомида Аброр Тўлиев Элмуроднинг кейинги қарзларини ҳам қўшиб тўлаб берди. Бироқ қинғирлиги жазосиз қолмади. Суд ҳукми билан унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.