Мальдив ороллари, халқаро ташкилотлар босимига қарамай, 60 йиллик мораторийдан сўнг, олий жазони тикламоқда. Бу ҳақда Рейтер агентлиги мамлакат президенти катта маслаҳатчиси Абдуллоҳ Яминга асосланган ҳолда хабар қилмоқда.

Маслаҳатчининг сўзларига кўра, олий жазо қотиллик ва гиёҳванд моддалари билан боғлиқ ўсиб бораётган жиноятларни "тўхтатиб туриш" воситаси сифатида қўлланилади.

"Аксарият мальдивликлар (ўлим жазосини) қўллаб-қувватлашмоқда. Бу ҳар қандай ҳукумат учун мураккаб қарор. Аммо, ҳукумат беайб фуқаролар ҳаётини сақлашга масъулдир", — деган Ямин.

Яминнинг маълум қилишича, қатл қилиш омма олдида ижро этилмайди. Ҳукумат жазони ижро этиш учун Мафуши оролидаги асосий қамоқхона ёнида махсус камера барпо қилади. 

Аввалроқ, БМТ ва Amnesty International халқаро ташкилоти Мальдив ороллари ҳукуматини олий жазони амалиётга жорий қилишдан тийилишга чақирган эди.