Қозоғистон ТИВ раҳбари Қайрат Абдраҳмановнинг маълум қилишича, Сурия бўйича янги учрашув сентябрь ўрталарида бўлиб ўтиши мумкин, деб хабар бермоқда РИА «Новости».

«Сулҳ режимига кафил давлатлар, айнан Россия, Эрон ва Туркия август охирига қадар экспертлар даражасида техник учрашувни ўтказиш ниятида», - дея таъкидлаб ўтди вазир.

Унинг сўзларига кўра, бу учрашувда кун тартиби ва Суриядаги вазиятга ечим топиш бўйича Остона жараёни доирасидаги навбатдаги учрашувнинг аниқ муддатлари аниқланади.

«Ҳозирча сентябрь ўрталари ҳақида гап бормоқда», - дея қўшимча қилиб ўтди Абдраҳманов.

Унинг сўзларига қараганда, техник учрашув Остонада ўтказилмайди, унинг жойи кафил давлатлар томонидан аниқланади.

Остонада Суриядаги инқирозни ҳал қилиш бўйича ҳозирча сўнгги, бешинчи халқаро учрашув 4-5 июль кунлари бўлиб ўтди. Унда бўлажак кескинликдан холи ҳудудлар параметрлари муҳокама этилди.