Россия президенти ваколатларини узоқроқ бўлса-да битта муддат билан чеклаш керак, деган фикр илгари сурилмоқда. Россия либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский РИА Новостига шу ҳақда баёнот берган. 

Айни вақтда, РФ сайлов қонунчилигига кўра, мамлакат фуқароси президент лавозимини 6 йилдан қаторасига икки муддат эгаллай олмайди. 

"Биз Конституцияга қатъий меъёрни киритишни кўп марта таклиф қилдик – президент лавозимини фақат бир марта эгаллаш. Майли, у 5 йил, 6 ёки 7 йил бўлсин, аммо фақат бир марта", — деган Жириновский.

"Олти йилдан икки муддат – бу жуда ҳам кўп, яна, бир сайловни ўтказиб юборгач, бу лавозимга учинчи ва тўртинчи маротаба қайтиш имконияти ҳам мавжуд", — дея қайд этган сиёсатчи. 

Маълумки, Жириновский 2018 йилги президентлик сайловларида яна бир бор кучини синаб кўриши ҳақида аллақачон баёнот берган. У бундан аввал, 1991, 1996, 2000, 2008 ва 2012 йиллардаги президентлик сайловларида ҳам иштирок этган.