2017 йилда Россиядаги ўрмон ёнғинларидан кўрилган иқтисодий талофат тахминан 9,5 млрд рублни ташкил этади. Бу ўтган йил билан таққослаганда 3 баравар кам демакдир. Бу ҳақда РФ табиий захиралар ва экология вазири ўринбосари, Россия ўрмон хўжалиги раҳбари Иван Валентик "Российская газета"га берган интервьюсида сўз юритди. 

"Биз дарахтлар сони ва ёнғинни ўчиришга сарфланган харажатларни ҳисоблаймиз. Шунингдек, бевосита зарар ҳисобланмайдиган, балки фуқаролик қонунчилиги бўйича аниқланадиган зарарларни ҳам шунга киритамиз", — дея аниқлик киритган Валентик.

Россия ўрмон хўжалиги раҳбарининг фикрича, асосий талофат пул миқдори билан эмас, аксинча экологияга етказилган зарар билан ўлчанади. Унинг хотирлатишича, Россиядаги ўрмон ёнғинларининг 4/5 қисмига инсон омили сабаб бўлади. Бу йил эса ўт балосидан кўпроқ Сибирь ва Узоқ Шарқ минтақаси зарар кўрган.