Президентнинг 21.08.2017 йилдаги  ПҚ-3228-сон “Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланганлигини янада оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Қарор билан Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманлари фермер хўжаликлари ва машина-трактор паркларига 2017-2019 йилларда лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг прогноз параметрлари тасдиқланди.
 
Етказиб бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Лизинг шартномаси мавжуд бўлганда ва ҳақиқатда аванс тўлови амалга оширилганда (лизинг объекти қийматининг камида 20%и) Жамғарма томонидан молиялаштириш учун маблағлар ажратилади.
 
Етказиб бериш лизинг асосида «Ўзагролизинг» АЖ орқали йиллик 2%дан кўп бўлмаган фоиз ставкаси билан режалаштирилган ҳажмда ҳар йили 1 декабрга қадар амалга оширилади.
 
«Ўзагролизинг» АЖ ва Тошкент вилояти лизинг олувчилари ўртасида тузиладиган шартномаларда  Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришда лизингнинг қуйидаги муддатлари кўзда тутилади:

•  фермер хўжаликлари учун  - 12 йилгача;
•  «Тошкент Агросервис МТП» МЧЖ учун – 10 йилгача.
 
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ қишлоқ хўжалиги техникасини ўз вақтида ишлаб чиқариш ва етказиб берилишини таъминлайди.