АҚШ президенти Дональд Трамп Афғонистонга яна 4 минг ҳарбий хизматчини юборишни назарда тутувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда Fox News телеканали манбасига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, Трамп Афғонистондаги вазиятни ҳарбий йўл билан барқарорлаштиришга уринаётган Американинг учинчи етакчиси бўлади. 

Дональд Трамп шу муносабат билан Тошкент вақти 6:00 да миллатга мурожаат қилди.

Унда Оқ уй етакчиси Американинг Афғонистонда фаолият юритаётган аскарлари ваколатларини кенгайтириш терроризмга самарали курашда муҳимлиги ҳақида сўз юритди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

«Биз Афғонистонда зўравонлик ва тартибсизликлар уруғини сочаётган  террорчилар ва жиноий тўдаларга зарба бериш учун Америка қуролли кучлари ваколатларини кенгайтирамиз», — деган Трамп. 

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш бўшлиқ ҳосил қилади. Бундан террорчилар унумли фойдаланишади. 

АҚШ давлат раҳбари, шунингдек, Покистонни террорчиларга бошпана бераётганликда айблади, деб ёзмоқда РИА Новости.

«Покистон тартибсизлик, зўравонлик ва террор агентларига тез-тез бошпана бермоқда», — деган Америка етакчиси телемурожаатида.

Бунда, Трампнинг таъкидлашича, Исломобод сиёсати таҳдид уйғотмоқда, чунки Ҳиндистон ва Покистон «ядро қуролига эга давлатлар ҳисобланади ва уларнинг муносабатлари можаро даражасигача ривожланиш эҳтимоли бор».