Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ва республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев 2017 йилнинг 21 август куни Индонезия президенти Жоко Видодо билан Жакартада учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда Uzdaily.uz.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида мустаҳкамлаш ҳамда Индонезиянинг бу йўналишлардаги тажрибасини ўрганишга йўналтирилган.

Индонезия ОАВ маълумотига кўра, Зойир Мирзаев Ўзбекистон ва Индонезия қишлоқ хўжалиги ҳамда балиқчилик соҳаларидаги ҳамкорликка биринчи навбатда эътибор қаратишига умид билдирган.

Ўзбекистон делегацияси Индонезия вазирликлари ва муассасаларидаги учрашувлар давомида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аквамаданиятни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Томонлар Индонезия делегацияси Ўзбекистонга давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ташриф буюришига келишиб олишди. Икки мамлакат вакилларининг таъкидлашича, томонлар савдони ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 11 млн долларга тенг. Қайд этилишича, бу рақам савдо, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобидан ошиши мумкин.