АҚШ қўшимча ҳарбийларининг илк гуруҳи Афғонистонга тез орада етиб келиши мумкин, деб маълум қилди АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи Жозеф Вотел. 

Вотелнинг айтишича, ҳарбийлар бир неча кун ёки ҳафталар ичида юборилиши мумкин. “Ҳозирда биз учун энг асосийси – ҳозирги жанговар мавсумга таъсир қила олиш учун баъзи имкониятларни қўлга киритишдир”, деб айтган Вотел.

Аввалроқ Пентагон раҳбари генерал Жеймс Мэттис қарор қабул қилиш учун штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси бошлиғидан Афғонистонга айнан қанча қўшин юбориш борасидаги ҳаракатлар режасини кутаётганини айтганди. У қўшинлар сони муҳокама қилинаётган рақамлардан фарқ қилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондаги ваколатлари бу мамлакатда террорчиларга қарши кураш учун кенгайтирилишини айтганди. У, шунингдек, АҚШнинг террорчиларга қарши курашга жалб қилинган қўшинлари сони ва умуман ҳарбий режалари ҳақида бошқа ҳеч нарса маълум қилмаслигини таъкидлаб ўтган.