Аргентина Олий суди мамлакатнинг собиқ президенти Кристина Киршнерга (2007-2015) нисбатан “ватанга хиёнат” ва “жиноятни яшириш” ҳолатлари билан боғлиқ очилган терговни қўллаб-қувватлади. Собиқ прокурор Альберто Нисман бу ҳолатлар бўйича айблов билан чиққанди.

Ҳимоячилар аввалроқ шикоят аризаси билан чиқиб, ишни ёпишни талаб қилди.

"Олий суд Киршнерга қарши ватанга хиёнат ва жиноятни яшириш тўғрисидаги ишни давом эттиришга рухсат беради", - дея хабар берган РИА Новости’га мамлакат олий судидаги манба.

Аввалроқ прокурор Альберто Нисман 1994 йилда Буэнос-Айрес марказидаги яҳудийлар маданий марказининг портлатилиши бўйича ишни тергов қилганди. У Киршнер ва ТИВ раҳбари Эктор Тимерманни Аргентина портлашга алоқадор, деб ҳисоблаётган эронликларнинг “айбсиз қолишини таъминлаш” мақсадида тил бириктиришда айблаганди. Кейинчалик Нисман ўз квартирасида ўлик ҳолда топилган. Тергов бу қотиллик ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолати бўлганини ҳалигача аниқлай олгани йўқ.