Ўзбекистон иқтисодиётида барқарорликни таъминлашнинг муҳим йўлларидан бири — бу ташқи савдо фаолиятида ижобий натижага эришишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда,  мамлакатга четдан олиб келинадиган товарлар (замонавий асбоб-ускуналар, ноёб дори-дармонлар, қурилиш материаллари ва ҳоказолар) сотиб олиш учун хорижий валюталар миқдори етарли бўлиши лозим.

Жаҳон молиявий инқирозининг салбий оқибатлари таъсирида Ўзбекистон экспорт қиладиган айрим товарларнинг экспорт нархлари пасайиб кетди. Бунга табиий газ, пахта толаси, мис ва бошқа маҳсулотларни мисол келтириш мумкин. Бузилган мувозанатни тиклашнинг аниқ йўлларидан бири — бу мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини кўпроқ четга чиқариб сотиш эвазига зарур, ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган товарларни олиб келишдан иборат.

Ўз-ўзидан тушунарлики, бу амалиётнинг салбий томони ҳам мавжуд, яъни ички бозорда маҳсулот камаяди ва нархларнинг ошиб кетишига олиб келади, бу эса шаҳар аҳолисининг, жумладан, қўшимча даромадга эга бўлмаган оилаларнинг асосли эътирозига олиб келмоқда.

Албатта, бу вақтинчалик ҳолат ва яқин келажакда қишлоқ хўжалигидаги таркибий ўзгаришлар ўзининг ижобий натижасини беради. Шундай бўлса-да, вужудга келган ҳолатларга бефарқ бўлиш мумкин эмас ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб тегишли чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жумладан, пойтахтда ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларини вилоятлар ва саноат марказларида ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси зич жойлашган ҳудудларда махсус транспорт воситаларидан фойдаланиб, энг зарур бўлган кундалик эҳтиёж маҳсулотлари, жумладан, балиқ савдоси ташкил этилса, нархларнинг пасайишига эришиш мумкин.

Бунинг учун маҳаллий бошқарув органлари фермерлар уюшмаси ёки агрофирмалар билан боғланиб, шаҳар аҳолисига тўғридан-тўғри маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйиши лозим. Бу ишнинг натижадорлиги маҳалла раисларининг ҳам ташкилотчилик қобилиятига боғлиқ. Улар маҳалла шароитидан келиб чиқиб картошка, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари сотишни ташкил этиш учун турли хил имкониятлар изласа ва шу йўл билан ўз аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлида жонбозлик кўрсатса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Бир вақтлар шаҳар аҳолисини мева-сабзавот билан таъминлашга хизмат қиладиган махсус чакана савдо ташкилоти бор эди. Ҳозирги вақтда ҳам бундай ташкилот кераклиги яққол билиниб турибди. Нега деганда, бу ташкилот ёрдамида шаҳар аҳолисини нафақат сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, балки пулнинг банкдан ташқари айланишини кескин камайтириш ҳам мумкин.

Мантиқан фикр юритганда, аҳолининг оддий картошка ва помидор учун деҳқон бозорига бориши ва у ерда мустаҳкам ўрнашиб олган олибсотарларга дуч келиши шарт эмас. Бозорга одамлар каттароқ савдо қилишга, тўй-маросимлар учун харид қилишга бориши керак. Хулоса шуки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан бу соҳа ҳам четда қолиб кетмаслиги керак.

Илҳом Вафаев,
Самарқанд шаҳри.