Чад ҳукумати Қатар элчихонасининг ёпилишини эълон қилди. Катарлик дипломатларга 10 кун ичида Чад ҳудудини тарк этиш буюрилган, деб хабар бермоқда “Рейтер” ахборот агентлиги.  

Чад ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, ушбу қарор Қатарнинг Чаддаги вазиятни қўшни Ливия орқали издан чиқаришга уриниши билан боғланган.

“Чад минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни ҳимоялаш учун Қатарни Чад ҳамда Чад кўли ва Сахел минтақаси давлатлари хавфсизлигига путур етказиши мумкин бўлган барча хатти-ҳаракатларни тўхтатишга чақиради”, деб айтилган Чад ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Чад, шунингдек, Доҳадаги элчихонасини ёпади ва у ердаги барча ходимлар олиб чиқиб кетилади.

5 июнда Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан барча дипломатик алоқаларни узишган. Кейинроқ Малдивлар, Маврикий, Мавритания ҳам Қатар билан алоқаларни узишларини маълум қилишган. Иордания ва Жибути Қатардаги элчихоналари даражаларини пасайтиришган. Сенегал, Нигер ва Чад  Қатардан элчилари чақиртирилишини эълон қилишган.