22 август куни Миллий матбуот марказида "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти томонидан ОАВ вакиллари учун анжуман ўтказилди. Тадбир давомида "Ўзбекэнерго" АЖ вакиллари аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, режадаги чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар беришди.

KUN.UZ мухбири хабар беришича, республика бўйича ҳар йили ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми 60,0 млрд. кВт соатдан ортиқ бўлиб, шундан ГЭС орқали 6,5 млрд. кВт соат ёки умумий қувватнинг 10 фоизи, иссиқлик электр станциялари орқали умумий қувватнинг 90 фоизи ишлаб чиқарилади. 

Сўнги вақтларда аҳолининг истеъмоли тобора ортиб бормоқда. 2000 йилда бир хонадонга тўғри келган истеъмол 114 кВт соатни ташкил этган бўлса, 2016 йил ҳисобига кўра бу кўрсаткич 35 фоизга ортган ва 160 кВт соатни ташкил этган. Асосий сабаб эса кундалик турмушда маиший техникалар, электр жиҳозлари, техника воситаларидан кенг фойдаланишдир. 

1990 йилда аҳолининг жами истеъмолдаги улуши 10,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2000 йилда - 13,9 фоиз, 2016 йилга келиб эса 25,2 фоизга етган. 

"Ҳозирги кунда аҳолининг электр энергияси бўйича қарздорлик ҳолати 1,5 триллион сўмни ташкил этади. Эндиликда Мажбурий бюро билан ҳамкорликда асосий эътибор тўлов интизомини мустаҳкамлаш, қарзларни ўз вақтида ундириб бориш ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига электр тармоғини узлуксиз етказиб беришга қаратилади. Электр энергиясидан оқилона фойдаланиб келаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлайдиган истеъмолчиларни рағбатлантириш мақсадида ҳам танловлар, имтиёзлар жорий қилиниши режада белгиланган", дея маълум қилди "Ўзбекэнерго" АЖ бошқарув раиси ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов.