2016 йилги Европа чемпионати финалида Португалия терма жамоаси таркибида ғалаба тўпини киритган футболчи Эдер (Эдерзиту Антониу Маседу Лопиш) Москванинг “Локомотив” клубига ўтди.

Клубнинг маълум қилишича, 29 ёшли ўйинчи сотиб олиш ҳуқуқи билан мавсум охиригача ижарага олинди.  

Португалиялик футболчи охирги икки мавсумни Франциянинг “Лилль” клубида тўп сурган ва 51 та ўйинда 13 та гол муаллифи бўлган. Ўтган мавсум натижаларига кўра “Лилль” Франция чемионатида 11-ўринни эгаллади. “Локомотив” эса жорий мавсумда Россия чемпионатида “Зенит”дан 3 очко ортда қолган ҳолда 2-ўринда кетмоқда.

Евро-2016’да Эдер иккита ўйинда иштирок этган. У мусобақадаги ягона голини мусобақанинг финалида қўшимча вақтда Франция терма жамоаси дарвозасига киритган. Ўшанда у захирадан Ренату Саншеш ўрнига майдонга тушганди. Учрашув 1:0 ҳисобида якунланган ва португаллар Европа чемпионати ғолиблигини қўлга киритгандилар.